Ўзбек тилининг нуфузи уни қандай қўллашимизга боғлиқ
Кўчада, ишда, интернетда — ҳар куни ўзбек тилида гаплашамиз. Аммо сўзларни қанчалик тўғри танлаяпмиз? Баъзан бир гапнинг ичида ўзбекча, русча ва инглизча сўзларни қўшиб юборамиз. Бу одатий ҳолми?
Бу ҳақда ЎзФА илмий ходими Мирзоҳид Турсунов билан суҳбатлашдик.
— Бугун Ўзбекистонда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш борасида кўп ишлар қилинмоқда. Сизнингча, бугунги кунда ўзбек тилини ривожлантириш ва унинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш учун энг аввало нималарга эътибор қаратиш керак?
— Ўзбек тилини ривожлантириш ва унинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш учун, аввало, уни замонавий ҳаётнинг барча соҳаларида тўлақонли ишлайдиган, рақамли технологиялар билан уйғунлашган ва илмий-амалий жиҳатдан кучли тилга айлантиришга эътибор қаратиш керак.
Айниқса, бугунги кунда рақамли технологиялар жадал ривожланаётгани, сунъий идрок ва ахборот технологиялари инсон ҳаётининг деярли барча соҳаларига кириб бораётганини ҳисобга олсак, ўзбек тилининг рақамли макондаги имкониятларини кенгайтириш долзарб вазифага айланмоқда.
Ўзбек тилининг сунъий идрок тизимлари, қидирув платформалари, электрон луғатлар, таржима ва бошқа рақамли ресурсларда тўлақонли ишлашини таъминлаш тилнинг келажаги учун муҳим аҳамиятга эга. Бу учун, бир томондан, таълим тизимида ўзбек тилини фақат қоида ва назария асосида эмас, балки замонавий мулоқот, касбий фаолият ва рақамли муҳит билан узвий боғлиқ ҳолда ўқитиш, иккинчи томондан, илм-фан ва технология соҳалари учун ўзбекча атамаларни тизимли равишда шакллантириш, сифатли луғатлар, электрон корпуслар ва бошқа тил ресурсларини кўпайтириш зарур. Қолаверса, ўзбек тилини ўрганишга қизиқиши ортиб бораётган хорижликлар учун ҳам замонавий ва сифатли ўқув платформаларини яратиш, мавжуд электрон ресурсларни такомиллаштириш муҳим. Бундай платформаларда ўзбек тилининг грамматикаси, луғат бойлиги, талаффузи ва нутқ маданияти билан бир қаторда, кундалик мулоқот, касбий ва маданий муҳитда қўлланадиган амалий материаллар ҳам қамраб олиниши керак. Бу нафақат ўзбек тилини хорижда оммалаштириш, балки мамлакатимизнинг маданий ва илмий салоҳиятини дунёга кенгроқ танитишга ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, давлат идоралари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари, ижтимоий тармоқлар ва жамоат жойларида адабий тил меъёрларига риоя этишни кучайтириш, ўзбек тилида сифатли, мазмунли ва жозибадор контент яратаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш лозим. Зеро, тилнинг жамиятдаги нуфузи унинг фақат расмий ҳужжатларда қўлланиши билан эмас, балки илм-фан, таълим, бизнес, технология, оммавий ахборот воситалари ва рақамли муҳитда қанчалик фаол ишлаши билан ҳам белгиланади.
Энг муҳими, ўзбек тилини ривожлантиришни фақат назорат ва талаб асосида эмас, балки уни инсон учун қулай, замонавий, нуфузли ва имкониятлари кенг тил сифатида намоён этиш орқали амалга ошириш керак. Ана шунда ўзбек тили нафақат бугунги авлоднинг эҳтиёжларига жавоб берадиган, балки келажак технологиялари ва глобал мулоқот майдонида ҳам муносиб ўрин эгаллайдиган тилга айланади.

— Бугун ижтимоий тармоқларда ўзбек тилида ёзиш ва сўзлашиш кенгайиб бормоқда, аммо кўпинча сўзларни нотўғри ёзиш, хорижий сўзларни ортиқча ишлатиш ва тил қоидаларига эътиборсизликни ҳам кўрамиз. Сизнингча, ижтимоий тармоқларда ўзбек тили маданиятини қандай қилиб юксалтириш мумкин?
— Бугунги кунда ўзбек тилининг бойлиги, нафосати ва ифода имкониятларини кенг тарғиб қилиш, унинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш муҳим вазифалардан биридир. Афсуски, аксарият ҳолларда инсонлар ўзбек тилининг бой таровати ва беқиёс ифода имкониятларини тўлиқ ҳис қилмай қўймоқда. Айниқса, оммавий ахборот воситаларида, хусусан, телевидение ва радио эфирларида фаолият юритаётган айрим сухандон ва телебошловчиларнинг ўзбек тили талаффуз меъёрларига етарлича риоя қилмаётгани, баъзан эса адабий тил ўрнига шевага хос сўзлардан ўринсиз фойдаланаётгани кузатилади. Ваҳоланки, оммавий ахборот воситалари нафақат ахборот етказувчи, балки жамиятнинг нутқий маданиятини шакллантирувчи муҳим восита ҳисобланади.
Телевидение ёки ижтимоий тармоқларда оммалашган ҳар бир нотўғри талаффуз, имловий хато ёки ўринсиз сўз қўлланиши кўплаб инсонлар нутқига, тил иммунитетига таъсир қилиши мумкин.
Тил маданиятини юксалтиришни, аввало, оммавий ахборот воситаларидаги тил муҳитини яхшилашдан бошлаш керак. Чунки телевидение, радио, интернет нашрлари ва бошқа медиа платформаларда адабий тил меъёрларига қатъий амал қилинса, бу ҳолат жамиятдаги умумий нутқ маданиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Сухандон, телебошловчи, журналист ва блогерлар ўз нутқи билан жамоатчиликка намуна бўлиши, эфирга узатиладиган ҳар бир матн имло, талаффуз ва услуб нуқтаи назаридан пухта таҳрирдан ўтказилиши зарур.
Ижтимоий тармоқларда “Саводли пост”, “Энг яхши ўзбекча контент”, “Тил посбони” каби танловларни мунтазам ташкил этиш, ўзбек тилида сифатли контент яратаётган блогерлар, журналистлар ва ижодкорларни рағбатлантириш, оммабоп саҳифаларда қисқа тил сабоқлари, викториналар ва интерактив материалларни кўпайтириш лозим. Негаки бугунги ёш авлодга тил маданиятини фақат насиҳат ёки танқид орқали эмас, балки замонавий, қизиқарли ва таъсирчан контент орқали сингдириш самаралироқ.
Хуллас, ўзбек тилининг равнақи ва софлиги учун фақат тилшунос олимлар ёки филологлар масъул, деган қарашдан воз кечиш керак. Ўзбек тили – бутун халқнинг тили, демак, унинг тақдири ва келажаги учун ҳар бир тил эгаси масъул. Ота-она фарзанди билан тўғри мулоқот қилиши, ўқитувчи саводли нутқи билан ўрнак бўлиши, журналист ва телебошловчи адабий тил меъёрларига амал қилиши, блогер эса минглаб обуначилари олдида нутқий масъулиятини ҳис қилиши керак.
Тадбиркорлар реклама ва пешлавҳаларда тил меъёрларига риоя этиши, давлат ташкилотлари эса расмий ахборотларда давлат тилининг мавқеи ва нуфузини таъминлаши лозим.
— Кўчалардаги пешлавҳалар, дўконлар номлари, реклама ва турли эълонларда ўзбек тилидаги имловий хатоларга дуч келамиз. Бу борада давлат ташкилотлари, тадбиркорлар ва жамоатчилик қандай масъулиятни ўз зиммасига олиши керак?
— Тил маънавиятини шакллантириш фақат оила ва мактаб билан чекланмайди. Инсоннинг кундалик ҳаётида дуч келадиган ахборот муҳити, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва жамоат жойларидаги тил намуналари ҳам унинг нутқий маданиятига сезиларли таъсир кўрсатади. Шу сабабли кўчалардаги пешлавҳалар, дўкон номлари, ташқи реклама ва турли эълонларда ўзбек тилининг имло, услуб ва сўз қўллаш меъёрларига риоя этилиши алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, жамоат маконидаги ёзувлар нафақат ахборот етказади, балки аҳолининг тилга муносабатини ҳам ўзида акс эттиради. Агар одамлар ҳар куни имловий хатоларга йўл қўйилган пешлавҳа ва рекламаларни кўраверса, бу ҳолат нотўғри ёзувларнинг одатий ҳодиса сифатида қабул қилинишига олиб келиши мумкин. Аксинча, саводли ва адабий тил меъёрларига мувофиқ ёзувлар жамиятда тил маданиятини юксалтиришга хизмат қилади. Бу борада давлат ташкилотлари, тадбиркорлар ва жамоатчиликнинг масъулиятини аниқ белгилаш ҳамда уларнинг ҳамкорлигини кучайтириш зарур.
Давлат ташкилотлари давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, ташқи реклама ва ахборот матнларидаги хатоларни аниқлаш, шунингдек, тадбиркорларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатишга эътибор қаратиши керак. Тадбиркорлар эса пешлавҳа, реклама ва эълонларни тайёрлашда матннинг имловий ҳамда услубий жиҳатдан тўғри бўлишига масъулият билан ёндашиши, зарур ҳолларда тил мутахассислари хизматидан фойдаланиши лозим. Жамоатчилик эса аниқланган хатолар ҳақида тегишли ташкилотларга хабар бериш, тўғри ёзув намуналарини тарғиб қилиш ва саводли ахборот муҳитини қўллаб-қувватлаш орқали бу жараёнда фаол иштирок этиши мумкин. Мазкур вазифаларни самарали амалга ошириш учун замонавий рақамли технологиялар имкониятларидан ҳам фойдаланиш зарур.
Хусусан, ташқи реклама, пешлавҳа ва эълон матнларини жойлаштиришдан олдин электрон тарзда текшириш имконини берувчи тизимни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Бундай тизимда ўзбек тилининг имло қоидалари ва луғат маълумотларига асосланган автоматик текширув воситалари қўлланиши, аниқланган хатолар бўйича тўғри вариантлар таклиф қилиниши мумкин. Таъкидлаш жоизки, автоматик текширув тил мутахассисининг таҳлилини тўлиқ алмаштирмайди: айниқса, услубий, маъновий ва контекстуал хатоларни баҳолашда инсон омили муҳимлигича қолади. Шу сабабли рақамли текширувни мутахассислар назорати ва тушунтириш ишлари билан уйғунлаштириш энг мақбул йўлдир. Ўрни келганда таъкидлаш жоизки, Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан телеграм ижтимоий тармоғида имловий хатолар билан ёзилган реклама матнлари ва пешлавҳалар суратларини юбориш имконини берувчи махсус бот ишга туширилган. Мазкур ташаббус жамоат жойларида учрайдиган имловий хатоларни аниқлаш, уларни бартараф этишга кўмаклашиш ҳамда бу борада жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш фақат қонунчилик талабларини белгилаш ёки хатоларни назорат қилиш билан чекланмаслиги керак. Бунинг учун оилада тил тарбиясини тўғри йўлга қўйиш, мактабда она тили таълими сифатини ошириш, оммавий ахборот воситалари ва жамоат маконида адабий тил меъёрларига амал қилиш, тадбиркорлар ва фуқароларнинг тил олдидаги масъулиятини кучайтириш зарур. Энг муҳими, давлат тилига ҳурматни ташқи талаб эмас, ички эҳтиёж ва маънавий қадриятга айлантиришимиз лозим. Чунки тилнинг ҳақиқий нуфузи унинг қонунларда белгиланган мақоми билангина эмас, балки ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётда ундан қай даражада онгли, саводли ва масъулият билан фойдаланиши билан ҳам белгиланади.
— Бугун ёшлар нутқида хорижий сўзлар, айниқса, инглизча ва русча сўзларни аралаштириб гапириш одатий ҳолга айланиб бормоқда. Буни тилнинг табиий ривожланиши деб қабул қилиш керакми ёки ўзбек тилининг софлигини асраш учун бунга жиддийроқ эътибор қаратиш лозимми?
— Бугун дунёнинг аксарият давлатларида тил билан боғлиқ масалалар тобора долзарблашиб бормоқда. Глобаллашув ва рақамли технологияларнинг кенг тарқалиши натижасида йирик давлатларнинг нуфузли тиллари бошқа халқлар тилларига ҳам кучли таъсир кўрсатмоқда. Бундай таъсир, айниқса, миллий тилларнинг луғат таркибида хорижий сўзларнинг кўпайишида яққол намоён бўлади. Албатта, ҳар қандай тирик тил бошқа тиллар билан алоқада бўлади, янги тушунча ва ҳодисаларни ифодалаш учун бошқа тиллардан сўз ўзлаштиради. Бу – тил тараққиётининг табиий ва объектив жараёни, бироқ янги пайдо бўлган ҳар бир тушунча учун тайёр хорижий сўзни ўзлаштириш доимий тенденцияга айланмаслиги керак. Акс ҳолда, тилнинг ўз ички имкониятларидан фойдаланиш, янги сўз ва атамаларни миллий тилнинг қонуниятлари асосида яратиш механизми секин-аста заифлашиши мумкин.
Бугун ҳатто марказий нашрларимиз, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда “ҳештег”, “креатив”, “челленж”, “пост”, “фейк”, “лайк”, “тренинг”, “контент” каби ўзлашмаларнинг кенг қўлланаётганини кўрамиз. Уларнинг айримлари янги тушунчаларни ифодалаш зарурати билан боғлиқ бўлса, айрим ҳолларда ўзбек тилида уларнинг аниқ ва тушунарли муқобили мавжуд бўла туриб, хорижий шаклга мурожаат қилинаётганини кузатиш мумкин. Бу ердаги асосий масала хорижий сўзларни бутунлай рад этиш ёки тилни ташқи таъсирлардан сунъий равишда ҳимоя қилишда эмас. Асосий вазифа қайси сўзни, қачон ва нима сабабдан ўзлаштириш кераклигини англаш, энг муҳими, ўзбек тилининг ички имкониятларидан самарали фойдаланишдир.
Менимча, ёшлар нутқида инглизча ёки русча сўзларнинг учрашига фақат салбий ҳодиса сифатида қараш ҳам тўғри эмас. Ёшлар замонавий ахборот технологиялари, интернет, таълим ва халқаро мулоқот муҳитида фаол иштирок этаётгани сабабли уларнинг нутқида хорижий тил элементларининг пайдо бўлиши табиий. Бироқ, бу жараён меъёрсиз ва ўринсиз аралашувга айланиб кетмаслиги лозим. Айниқса, ўзбек тилида аниқ, мазмунан тўла ва омма учун тушунарли муқобили мавжуд бўлган ҳолатда хорижий сўзни шунчаки “замонавийлик белгиси” сифатида қўллаш тил маданияти нуқтаи назаридан мақбул эмас. Тилнинг софлигини асраш деганда хорижий сўзларни мутлақо тақиқлашни эмас, балки миллий-лисоний иммунитетни шакллантиришни тушуниш керак.
Бу иммунитет тил эгасида ҳар бир хорижий сўзни автоматик равишда қабул қилиш эмас, балки унинг заруратини, маъноси ва ўзбек тилидаги муқобилини баҳолай олиш қобилиятини шакллантиради. Бунинг учун замонавий тушунчаларга ўзбек тилининг ички имкониятлари асосида муносиб атамалар яратиш, уларни луғатлар, таълим тизими, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг оммалаштириш зарур. Шунда тил ташқи таъсирларни инкор этмаган ҳолда, уларни ўз қонуниятлари асосида қабул қилади ва ўзининг ички тараққиёт механизмларини сақлаб қолади. Тилни чет сўзлар таъсиридан тилшунос эмас, аввало, ундан онгли ва масъулиятли фойдаланадиган жамият асрайди.
Шу маънода, тил маънавияти инсонда ўз тилига ҳурмат, унинг имкониятларига ишонч ва ҳар бир сўзни ўринли қўллаш масъулиятини шакллантиради. Демак, ўзбек тилининг софлигини асраш уни бошқа тиллардан ажратиб қўйиш эмас, балки ўзбек тилининг бой ички имкониятларини ишга солган ҳолда, уни замонавий дунёда рақобатбардош ва тўлақонли мулоқот воситаси сифатида ривожлантиришдир.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.