Коррупциянинг олдини олишга қаратилган ташаббуслар кучайтирилади
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 22 июнда имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик ва жазо чоралари кучайтирилди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий ва ҳудудий кенгашлар, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга қаратилган чоралар белгиланди. Қонунчиликка коррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхатини белгилаш, коррупция ҳақида хабар берган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда давлат харидларини амалга оширишда коррупциявий омилларни қисқартиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларнинг мақоми, ваколатлари ва вазифалари илк бор қонун даражасида мустаҳкамланди. Эндиликдаги асосий вазифа – ҳуқуқ ва ваколатлардан самарали фойдаланиш, ҳудудлардаги муаммоларга тизимли ечим топиш ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган ташаббусларни кучайтириш.
Шу мақсадда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудий кенгашлар аъзоларининг билим ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган семинарлар ўтказмоқда. Тадбирда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, идоралараро ҳамкорликни мувофиқлаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда очиқ маълумотлардан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилмоқда.

БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган машғулотлар доирасида ҳудудлардаги аниқ вазиятлар таҳлил қилиниб, муаммоларни ҳал этиш чоралари белгиланмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА