Белгиланган марралар сари ишончли қадам
Олмалиқ кон-металлургия комбинати Технологик транспорт бошқармаси таркибидаги 4-транспорт цехи меҳнат жамоаси жорий йилнинг 21 октябрь куни белгиланган ишлаб чиқариш прогнозларини муддатидан илгари 119 фоизга бажаришга эришди.
Йиллик режага кўра, цех олдига 2 миллион 726 минг 200 метр куб технологик юкларни ташиш вазифаси юклатилган эди. Амалий саъй-ҳаракатлар натижасида эса 3 миллион 241 минг 900 метр куб технологик юк ва тоғ жинслари ўз манзилига хавфсиз етказилди.

Бугунги кунда цех технопаркида жами 69 дона транспорт воситаси мавжуд. Унинг асосий қисмини, яъни 60 тасини юк кўтариш қуввати 30 тонна бўлган “BelAZ-7540” русумли автосамосваллар ташкил этади. Шунингдек, жамоа ихтиёрида 8 дона “LGMG MS 25” махсус сув сепиш машинаси ҳамда 1 дона “Toyota Hilux” автомашинаси хизмат қилмоқда.
Юксак зафарларга эришишда цех бошлиғи Аширмат Сайфиддинов бошчилигидаги ишчи-ходимларнинг комбинат объектлари билан ҳамжиҳатликда иш ташкил этгани алоҳида аҳамиятга эга. Шу билан бирга, муҳандис-техник ходимлар, диспетчерлар, таъмирловчи чилангарлар ва ҳайдовчиларнинг ўз касбига сидқидилдан ёндашгани, раҳбарият томонидан эҳтиёт қисмларининг ўз вақтида етказиб берилгани ҳамда цехда йилдан-йилга такомиллашиб бораётган рақамлаштириш жараёнларининг жорий этилгани муваффақиятнинг бош омили бўлди.

Маълумот ўрнида, ушбу цех жамоаси асосан Мис бойитиш фабрикаси, Мис эритиш заводи, Рух заводи, 2-Мис бойитиш фабрикаси, “Олмалиқметаллургқурилиш” трести, “Қалмоққир”, “Сари-чўққи” ва “Ёшлик-1” каби йирик объектларда, қолаверса, комбинатнинг деярли барча цехларида технологик юкларни ташиш билан шуғулланиб келмоқда.
Ушбу юксак ғалаба автомобиль транспорти соҳаси ходимлари кунига муносиб совға бўлди.
Баҳром Ниязметов,
ОКМК ТТБ бошлиғининг
эксплуатация бўйича ўринбосари,
ЎзА