Билим ва тафаккурни оширишнинг замонавий манзили
Бугунги кунда олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва илмий изланишларни қўллаб-қувватлашда ахборот-ресурс марказларининг ўрни беқиёс. Гулистон давлат университетининг ахборот-ресурс маркази ҳам талабалар, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар учун билим олиш, изланиш ва маънавий камолот сари интилишда муҳим маскан ҳисобланади.
Марказ фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бой адабиётлар фондини шакллантириш ва фойдаланувчиларга замонавий ахборот хизматларини кўрсатишдан иборат.
Ҳозирда марказнинг босма нашрлар фонди қарийб 41 минг 200 номдаги 387 минг 800 дан зиёд нусхани ташкил этади. Шунингдек, фондда 47 мингдан ортиқ номдаги электрон ва 1 минг 300 дан зиёд номдаги аудио ресурслар мавжуд. Ўқув, илмий-услубий ҳамда бадиий адабиётларни қамраб олган мазкур бойлик талабаларнинг дарс жараёнидаги билимини мустаҳкамлаш, мустақил таълим олиш ва илмий тадқиқотлар олиб боришида муҳим аҳамият касб этади.
Ахборот-ресурс марказининг янги биноси замонавий талаблар асосида жиҳозланган. Бино 660 ўринга мўлжалланган бўлиб, шундан 248 ўрин замонавий компьютер қурилмалари билан таъминланган. Ўқув залида имконияти чекланган фойдаланувчилар учун ҳам алоҳида шароитлар яратилган. Китобхонларга хизмат кўрсатиш очиқ фонд шаклида йўлга қўйилган бўлиб, адабиётлар соҳалар бўйича жойлаштирилган. Бундан ташқари, университетнинг Психология ва ижтимоий фанлар ҳамда Спорт фаолияти факультетларида марказ филиаллари ҳам фаолият юритмоқда.
Марказда рақамли технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Электрон адабиётлар “Ягона электрон кутубхона” – unilibrary.uz платформасига ҳамда университетнинг portal.guldu.uz сайтига жойлаштириб борилади. Ушбу манбалар орқали талабалар дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар, маъруза матнлари, тақдимотлар ва илмий адабиётлардан фойдаланиш имкониятига эга.
Рақамлаштириш жараёнининг яна бир муҳим қадами сифатида жорий йил март ойида arm.guldu.uz автоматлаштирилган кутубхона тизими ишга туширилди. Ҳозирда ушбу платформага марказнинг фаол фонди киритилмоқда. Келгусида мазкур тизим орқали фойдаланувчиларга янада қулай ва тўлиқ рақамлаштирилган хизматлар кўрсатиш кўзда тутилган.
Марказ халқаро илмий ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятларини ҳам кенгайтирмоқда. 2021 йил 1 мартдан буён EBSCO Information Services илмий-таълимий маълумотлар базаларига онлайн обуна ташкил этилган. Бунинг натижасида университет профессор-ўқитувчилари, магистрантлар, докторантлар ва тадқиқотчилар 20 та маълумотлар базасидаги 15 минг 700 дан ортиқ тўлиқ матнли журналлардан фойдаланиш имконига эга.
Келтирилган рақамлар марказнинг таълим ва илм-фан тараққиётидаги аҳамиятини яққол намоён этади.
[gallery-32164]
Гулистон давлат университети ахборот-ресурс маркази анъанавий кутубхона хизматларини замонавий ахборот технологиялари билан уйғунлаштирган ҳолда, талабаларнинг билим олиши, илмий изланишлар олиб бориши ва мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Марказда яратилган имкониятлар ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва уларнинг таълим олиш жараёнини ахборот ресурслари билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Умид ОБИДЖОНОВ (сурат), ЎзА