Маҳаллаларни ихтисослаштириш аҳоли даромадини оширишда муҳим омил бўлмоқда
Бугунги кунда Андижон вилоятидаги 880 та маҳалланинг 359 таси турли йўналишларга ихтисослаштирилган бўлиб, бу аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, ҳозирга қадар вилоятдаги 40 га яқин маҳалла узумчиликка, 30 дан ортиқ маҳалла иссиқхона, 78 та маҳалла чорвачиликка, 30 дан ортиқ маҳалла савдо ва хизмат кўрсатиш, 14 та маҳалла мебелчилик, 7 та маҳалла косибчилик, 4 та маҳалла саватчилик, 20 га яқин маҳалла ҳунармандчилик, 10 га яқин маҳалла паррандачилик, 3 та маҳалла туризм соҳаларига ихтисослаштирилган.
Ҳудудларда маҳаллаларнинг ихтисослашувчи бўйича олиб борилаётган ишлар доимий равишда ўрганилиб, мониторинг қилиб борилмоқда. Ўрганишлар ва тажриба алмашиш юзасидан ҳар бир ҳудудга мутасадди вакиллар бириктирилган. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича жойларда семинарлар ва бошқа турли тадбирлар ўтказиб борилмоқда.


Жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш ҳамда камбағалликни қисқартириш мақсадида, самарадорлиги юқори бўлган йўналишларда ихтисослаштириладиган маҳаллаларнинг рўйхати шакллантирилиб, ихтисослаштириш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, маҳаллаларнинг 4 таси иссиқхоначиликка, 4 таси узумчилик, 1 таси карам етиштиришга, 1 таси кўчатчиликка, 1 таси мебелсозликка, 1 таси дўппидўзликка, 1 таси рўмолчиликка, 1 таси анорчиликка, 2 таси гулчиликка ихтисослаштирилмоқда.
Ихтисослаштириш жараёнига маҳаллалардаги 21 минг 249 та хонадон жалб этилиши кўзда тутилган.

Ушбу хонадонларни ихтисослаштириш банк кредити ҳамда хонадон эгаларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган. Яъни 6 минг 375 та хонадонга 192 миллиард сўм банк кредити, 2 минг 250 та хонадонга 27 миллиард сўм субсидия ажратилиши, шунингдек, 12,6 мингта хонадон эгаларининг 382 миллиард сўм маблағлари жалб этилиши режалаштирилган.
Айни кунда ана шу йўналишдаги ишлар белгиланган режа асосида олиб борилмоқда.
Маҳаллаларни ихтисослаштириш бўйича белгиланган ишларнинг амалга оширилиши билан 21,2 мингта хонадоннинг даромади ортиб, 95 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири