Ҳамкорликнинг янги манзиллари: Тошкент ва Амман
Ўзбекистон ва Иордания муносабатлари сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилмоқда. Айниқса 2025 йил август ойида Иордания подшоҳи Абдулла II мамлакатимизга давлат ташрифи уюштиргандан кейин савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган амалий қадамлар фаоллашди.
Хўш, ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун яна қандай имкониятлар бор? Қайси соҳаларда қўшма лойиҳаларни ривожлантириш мумкин? Бу ҳақда “Шарқшунос таҳлилчилар” интеллектуал клуби аъзоси Абера Маъдиева билан суҳбатлашдик.
– Ўзбекистон – Иордания савдо-иқтисодий алоқаларида сўнгги йилларда қандай ўзгаришлар кузатилмоқда?
— Икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабат 1993 йил ўрнатилган бўлса-да, узоқ вақт давомида ҳамкорлик асосан сиёсий ва маданий-гуманитар йўналишларда ривожланди. Иқтисодий алоқалар эса нисбатан суст бўлиб қолди. 2025 йил август ойида Иордания подшоҳи Абдулла II Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келгач, бу борада муҳим бурилиш ясалди. Ташриф доирасида шериклик муносабатини мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилиниб, 15 ҳужжат имзоланди. Савдо кўрсаткичида ҳам ўсиш кузатилмоқда. 2017 йил ўзаро савдо миқдори 850 000 доллар эди. 2025 йил бу кўрсаткич 8,5 миллион долларга яқинлашди. Юртимизда Иордания капитали иштирокидаги 18 корхона фаолият юритмоқда. Рақамлар ҳамкорлик учун муайян асос шаклланганини кўрсатади.
– Икки мамлакат иқтисодиётида қайси йўналишлар бир-бирини тўлдиради?
– Ҳамкорлик салоҳияти, аввало, мамлакатлар мавжуд ресурси ва тажрибасини бирлаштиришда намоён. Масалан, Иордания фосфат ва калий захирасига эга, Ўзбекистон эса минерал ўғит ишлаб чиқариш бўйича тажриба тўплаган. Демак, кимё саноатида қўшма лойиҳалар амалга ошириш имкони бор. Фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, энергетика ва логистика соҳаларида ҳам шериклик кўламини кенгайтирса бўлади. Иорданиянинг халқаро савдо ва фармацевтика соҳасидаги тажрибаси, шунингдек, Ақаба порти орқали Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бозорига чиқиш муҳим. Айни пайт масофа ва логистика харажати асосий тўсиқ бўлиб турибди.
– Келгусида ҳамкорликни ривожлантириш учун қандай амалий қадамлар ташланади?
– Институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида жадал иш олиб бориляпти. Февраль ойида савдо палаталари Ишбилармонлар кенгашини тузиш тўғрисида келишув имзолади. Имтиёзли савдо битими бўйича музокара ҳам давом этяпти. Бундай механизм тадбиркорлар ўртасидаги алоқани фаоллаштириб, савдо тўсиғини камайтиради. Шунингдек, Тошкент – Амман ҳаво қатнови, Амманда Ўзбекистон Савдо уйи очиш имконияти ва биринчи Ўзбекистон – Иордания бизнес форумини ташкил этиш масалалари ҳам кун тартибида. Хориж томони 2025 йилги ташриф натижасини юзага чиқариш доирасида турли соҳаларда тахминан 20 битим ва ҳамкорлик меморандумини якунига етказиш устида ишлаяпти.
Энг муҳими, ҳамкорликни фақат келишув билан чеклаб қўймасдан, аниқ сармоявий лойиҳалар, қўшма ишлаб чиқариш ва ўзаро етказиб бериш ҳажмини ошириш орқали амалий натижага эришиш зарур.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди. ЎзА