Устозлар сабоғи – ёш қутқарувчилар учун ҳаётий тажриба мактаби
Инсон ҳаётини асраш, уни турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш ҳар қандай шароитда ҳам юксак масъулият ва касбий маҳоратни талаб этади. Айниқса, фавқулодда вазиятларда бир неча дақиқада қабул қилинган қарор, кўрсатилган жасорат ва тўғри ҳаракат инсон тақдирига бевосита таъсир қилиши мумкин. Шу маънода, қутқарувчилик шунчаки касб эмас, балки юксак фидойилик, матонат, билим ва доимий шайликни талаб этадиган шарафли хизматдир.
Бундай масъулиятли фаолиятда ходимнинг назарий билими ва жисмоний тайёргарлиги билан бирга, ҳаётий тажрибаси, вазиятни тўғри баҳолаши, босиқлик ва қатъият билан ҳаракат қилиши ҳам муҳим ўрин тутади. Бу фазилатлар эса йиллар давомидаги хизмат, турли мураккаб вазиятларда орттирилган тажриба ва устозлар сабоғи орқали мустаҳкамланади. Шу боис соҳа фахрийлари билан ёш ходимлар ўртасидаги мулоқот, тажриба алмашиш ва касбий маслаҳатлар устоз-шогирд анъаналарининг муҳим давоми ҳисобланади.
Ана шу мақсадда Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси Фахриддин Абдумавлянoв Ангрен шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасида бўлиб, бу ерда яратилган хизмат шароитлари, қутқарув бўлинмаларининг моддий-техник базаси ҳамда замонавий махсус техникалар билан танишди.

Ташриф доирасида ёш қутқарувчилар билан самимий учрашув ҳам ташкил этилди. Унда фахрий устоз қутқарувчилик касбининг шарафли жиҳатлари, хизмат жараёнида учрайдиган синовлар, инсон ҳаётини сақлаб қолиш йўлидаги фидойилик ва масъулият ҳақида ўз тажрибаси асосида сўзлаб берди.
Мулоқот давомида ёш ходимларга хизматда доимо ҳушёр ва шай туриш, ҳар қандай вазиятга тайёр бўлиш, касбга садоқат билан ёндашиш, Ватанга муҳаббат ва ватанпарварлик руҳида хизмат қилиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ўз устида мунтазам ишлаш, билим ва кўникмаларни ошириб бориш, замонавий техника ва воситалардан самарали фойдаланишни пухта ўзлаштириш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Зеро, фавқулодда вазиятларда ҳар бир ҳаракатнинг аҳамияти катта. Қутқарувчи вақт танқислиги, хавф ва руҳий босим шароитида ҳам вазиятни тўғри баҳолаши, тезкор ва пухта қарор қабул қилиши лозим. Бунинг учун эса касбий билим билан бир қаторда сабр-тоқат, қатъият, жисмоний чидамлилик ва руҳий барқарорликни мунтазам ривожлантириш талаб этилади.

Учрашувда ёш қутқарувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, фахрий устознинг кўп йиллик хизмат фаолияти давомида тўплаган тажрибаси ва касбий тавсиялари билан танишди. Бундай мулоқотлар ёш ходимларга касбнинг моҳиятини чуқурроқ англаш, хизматга масъулият билан ёндашиш ва келгусидаги фаолияти учун зарур хулосалар чиқариш имконини беради.
Эътиборлиси, устозлар тажрибаси ва ёшларнинг ғайрат-шижоати уйғунлашган жойда соҳа ривожи учун мустаҳкам замин яратилади. Фахрийларнинг ҳаётий сабоқлари ёш авлоднинг касбий қарашларини шакллантирса, ёшларнинг интилиши ва изланишлари тизимдаги янгиланишларга туртки беради. Шу жиҳатдан, бундай учрашувлар нафақат тажриба алмашиш, балки қутқарувчилик касбига садоқатли, билимли ва ҳар қандай вазиятда масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр мутахассисларни тарбиялашга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА