Оҳангаронда замонавий шаҳарсозликнинг янги босқичи бошланади
Оҳангарон туманида рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва замонавий бошқарув ечимларига асосланган "Ақлли шаҳар" (Smart City) лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларига баҳоланаётган мазкур ташаббус юзасидан туман ҳокимлиги ҳамда Корея Республикасининг “NCG GROUP” компанияси ўртасида инвестициявий ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Лойиҳа ҳудуднинг шаҳарсозлик қиёфасини янгилаш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш ва аҳоли учун қулай, замонавий яшаш муҳитини яратишни назарда тутади.
Меморандум доирасида томонлар рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва автоматлаштирилган бошқарув тизимларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилади. Хусусан, шаҳар инфратузилмасини бошқариш, давлат ва коммунал хизматлар сифатини ошириш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган ечимларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Ташаббуснинг муҳим йўналишларидан яна бири саноат салоҳиятини кенгайтиришдир. Шу мақсадда Жанубий Кореянинг “LG” ва “Samsung” каби йирик компаниялари иштирокида ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш ҳам режалаштирилган.
Бу эса келгусида туманда янги саноат тармоқларини шакллантириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва аҳоли бандлигини ошириш учун замин яратиши мумкин.
Таъкидлаш лозимки, “Ақлли шаҳар” концепцияси нафақат замонавий бинолар ва инфратузилма барпо этиш, балки шаҳар ҳаётининг барча муҳим жараёнларини рақамли бошқарув тизими асосида ташкил этишни ҳам қамраб олади. Бу эса коммунал хизматлардан тортиб, энергия таъминоти ва шаҳар инфратузилмасигача бўлган жараёнларни самарали бошқариш имконини беради.
Имзоланган меморандум ҳамкорликнинг дастлабки босқичи ҳисобланади. Навбатдаги жараёнларда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, ташкилий масалалар ва амалга ошириш механизмларини белгилаш режалаштирилган. Агар ушбу ташаббус белгиланган режалар асосида рўёбга чиқса, Оҳангарон туманида нафақат замонавий шаҳарсозлик муҳити, балки янги иқтисодий имкониятлар ва саноат тараққиёти учун ҳам муҳим инфратузилма шаклланиши мумкин.
А.Мусаев, ЎзА