Тадбиркорлар муаммолари очиқ мулоқотда муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси судлари ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда қонуний ечим топишга қаратилган навбатдаги очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси суди, маъмурий суди, Адлия вазирлиги раҳбарлари, судьялар, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, солиқ бошқармаси, Бизнес-омбудсманнинг ҳудудий шуъбаси, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этди.

Учрашувда банк кредитлари бўйича низолар, гаровга қўйилган мол-мулк билан боғлиқ масалалар, солиқ текширувларининг қонунийлиги ҳамда қурилиш соҳасида юзага келаётган келишмовчиликлар муҳокама қилинди.

Очиқ мулоқот давомида тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, кўтарилган масалалар юзасидан судьялар ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш, иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат этиш тартиби ҳамда низоларни қонуний ҳал этиш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган мурожаатларни ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқиш масалалари ҳам муҳокама этилди.
Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси судлари ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг чоршанба куни ўтказилаётган бундай учрашувлар тадбиркорлар билан бевосита мулоқотни мустаҳкамлаш, уларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳуқуқий ечим топишга кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири