“Ташаббусли бюджет”нинг янги мавсумлардаги асосий ўзгариш ва янгиликлари
Бош қомусимиздаги ижтимоий давлат тамойили "Ташаббусли бюджет" лойиҳасида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бу йилги жараёнларда халқ вакиллари учун янги, кенг имкониятлар яратилди.
Конституциямизда Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат тамойили мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, давлат сиёсатининг марказида инсон қадри, ижтимоий адолат ва аҳолини қўллаб-қувватлаш туради. Бу тамойилнинг ёрқин ифодасини ҳар йили икки мавсумда ўтказилаётган “Ташаббусли бюджет” жараёнларида ҳам кўриш мумкин.
“Ташаббусли бюджет” бежизга “халқ бюджети” деб аталмайди. Унда фуқаролар ўз ташаббусларини илгари суради, давлат эса уларнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларига ечим топади. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – жойлардаги инфратузилма қамровини кенгайтириш ҳамда барча учун тенг ва қулай яшаш шароитларини яратиш. Эътиборлиси, ушбу лойиҳаларга ажратилаётган маблағлар ва кенг жамоатчилик иштироки йилдан-йилга ортиб бормоқда.
“Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги мавсумларидаги ўзгаришлар ва янгиликлар хусусида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бош мутахассиси Ҳабибулло Ҳамидов билан суҳбатлашдик.
— Жорий йилда Президентнинг тегишли қарори билан “Ташаббусли бюджет” жараёнларида халқ вакиллари ва жамоатчилик учун қўшимча имкониятлар яратилди. Ушбу ҳужжат соҳада қандай ўзгаришларни олиб келди?
— Президентнинг “Ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда халқ вакиллари ва жамоатчилик учун қўшимча имкониятларни яратиш тўғрисида”ги қарори билан депутат ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди. Илгари депутат ташаббуси доирасида ажратилган маблағ фақат битта лойиҳани ғолиб қилишга йўналтирилар эди. Бу маблағ базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 минг баробарини, яъни ҳар бир мавсум учун 1 миллиард 648 миллион сўмни ташкил этарди. Биринчи мавсумда улар томонидан 149 та лойиҳа аниқланган. Депутатлардан лойиҳалар сонини чекламаслик бўйича таклифлар келиб тушган эди. 243-сонли қарорга асосан, халқ нозирларига берилган ваколатлар оширилди.
Батафсил қуйидаги видеода…
Санжар Тошпўлатов
Дониёр Якубов,
Улуғбек Тўхтаев, ЎзА