Ўзбекистоннинг қум ва чанг бўронларига қарши курашиш ташаббуслари муҳокама қилинди
Қум ва чанг бўронлари шунчаки об-ҳаво ҳодисаси эмас, балки аҳоли саломатлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорликка тўғридан-тўғри хавф солувчи жиддий экологик муаммодир.
БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси павильонида Қум ва чанг бўронларига қарши курашиш ўн йиллиги (2025–2034 йиллар) дастурини амалиётга татбиқ этишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Илғор тажрибалар ва ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга қаратилган панель муҳокамасида Ўзбекистон Миллий иқлим ўзгариши маркази директори Фаррух Сатторов маъруза билан иштирок этди. Маърузада Орол денгизининг қуриши ортидан юзага келган экологик оқибатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, қум ва чанг бўронлари шунчаки об-ҳаво ҳодисаси эмас, балки аҳоли саломатлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий барқарорликка бевосита хавф солувчи жиддий трансчегаравий муаммодир.
Шу боис минтақада инфратузилмани ривожлантириш, чанг манбаларини сунъий йўлдош орқали мониторинг қилиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш ҳамда яйлов ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу чора-тадбирларнинг замирида, энг аввало, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдек устувор мақсад ётади.
Қайд этилишича, экотизимлар деградацияси натижасида қарийб 3 миллион гектар ер фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган бўлиб, ушбу ҳудуднинг 56 фоиздан ортиғи кучли шамол эрозиясига учрамоқда. Ерларнинг деградацияси ва чўлланиши оқибатида Ўзбекистонга етказилаётган йиллик иқтисодий зарар эса 830 миллион долларга баҳоланмоқда.
Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқотларга кўра, Тошкент шаҳри ҳавосидаги PM2.5 майда заррачаларининг йиллик ўртача миқдорида ташқаридан шамол билан кириб келадиган чангнинг улуши 36 фоизгача етади. Қурғоқчил ёз ойларида эса бу кўрсаткич 50 фоиздан ошади.
Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳам тақдимот қилинди. Хусусан, 2024–2030 йилларга мўлжалланган Чанг бўронларига қарши курашиш миллий дастури қабул қилинган. Унда 2028 йилга қадар кучли чанг бўронларининг юзага келиш жадаллигини 50 фоизга камайтириш мақсад қилинган.
Айни пайтда атмосфера ҳавоси сифатини кузатиш бўйича 347 та автоматлаштирилган станциядан иборат ягона мониторинг тармоғини яратиш, кўп омилли эрта огоҳлантириш тизимини ривожлантириш, деградацияга учраган ерларни тиклаш ҳамда ҳимоя яшил белбоғларини барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Муҳокама якунида миллий экологик дастурларни халқаро молия институтлари, БМТ агентликлари ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар иштирокида аниқ инвестиция лойиҳаларига айлантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотига кўра, тадбирда минтақавий ҳамкорликнинг истиқболли механизмлари сифатида муҳокама қилинаётган “Яшил Марказий Осиё” жамғармаси ҳамда Марказий Осиё иқлим марказини ташкил этиш ташаббусларининг юқори салоҳияти алоҳида қайд этилган.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА