Зиёлилар миллий юксалиш даврининг мустаҳкам таянчига айланмоқда
Термиз шаҳрида “Ўзбекистон зиёлилари кенгаши”нинг “Янги Ўзбекистон зиёлилари – миллий юксалиш таянчи” шиори остида Сурхондарё вилоят ҳудудий йиғилиши бўлиб ўтди.
Зиёлиларнинг жамиятдаги ўрни ва масъулияти, маънавий-маърифий ва бошқа соҳалардаги долзарб масалалар, келгусидаги вазифалар муҳокама этилган мулоқотда воҳанинг интеллектуал салоҳиятини намоён этадиган турли соҳаларнинг етакчи олимлари, халқ таълими, тиббиёт, театр ва санъат соҳаси фидойилари, ёзувчи ва шоирлар, маданият арбоблари, ёш олимлар, фаол тадбиркорлар, маънавият, хотин-қизлар ва маҳалла фаоллари иштирок этди.

Йиғилишнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими У.Қосимов кенгаш фаолиятининг мазмун-моҳияти, устувор вазифалари, зиёлиларнинг Янги Ўзбекистонни юксалтиришдаги ўрни ва ижтимоий масъулияти ҳақида атрофлича фикр юритди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулхаким Эшмуратов ва бошқалар сайёрамизда юз бераётган маданий, сиёсий ва технологик ўзгаришлар, шунингдек, қадриятлар трансформацияси шароитида миллий ўзлигимизни сақлаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш, илм-фан, таълим, маданият ва маънавият соҳалари вакилларининг фаоллигини ошириш, ёш авлод қалбида миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, ва юксак маънавий фазилатларни шакллантиришда зиёлиларнинг таъсирини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаб, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, турли ёт ғояларга қарши маърифат билан курашишда кенгаш аъзоларининг билим ва имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Шу куни иштирокчилар йўналишлар бўйича гуруҳларга бўлинган ҳолда махсус хоналарда ташкил этилган машғулотларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаб, илғор тажрибаларни оммалаштириш, мавжуд муаммолар юзасидан фикр алмашиб, маънавий-маърифий фаолият самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама этди.

Икки кун давом этган тадбирда ҳудудлардаги зиёлиларнинг жамият ҳаёти ва ривожига доир фикр-мулоҳазалари тингланиб, жойларда кўтарилаётган долзарб ижтимоий-маънавий масалаларни очиқ мулоқот шаклида муҳокама этишга алоҳида аҳамият берилди.

Муҳокамалар чоғида инсон капиталини ривожлантириш, глобаллашув шароитида ёш авлоднинг мафкуравий ва рақамли иммунитетини шакллантириш, ахборот маконида соғлом муҳитни қарор топтиришнинг таъсирчан механизмларини йўлга қўйиш, оила, маҳалла ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларда миллий қадриятларга ҳурмат ва замонавий дунёқарашни уйғун шакллантириш, ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш каби долзарб йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.

Тадбирда ўртага ташланган таклиф ва ташаббуслар умумлаштирилиб, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон зиёлилари кенгаши”нинг мамлакат йиғилишига тақдим этилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири