Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Бўзатов туманида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан эрталабки юриш марафони ташкил этилди.
Марафонда туман муассаса ва ташкилотлари раҳбарлари, фаол ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбир давомида иштирокчилар Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини намоён этиб, юртимиз байроғи остида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни намойиш этди.
Давлат байроғимиз - мустақиллигимиз, тинчлигимиз ва халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари тимсолидир. Ушбу марафон иштирокчиларда ватанпарварлик руҳини янада юксалтиришга хизмат қилди.
***
Шуманай тумани “Қорабойли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “К.Юсупов” фермер хўжалиги далаларида 2027 йил ҳосили учун экинлардан бўшаган ер майдонларида кузги ҳайдов ишларини ташкил этиш, ер контурларини мувофиқлаштириш ва кенгайтириш масалаларига бағишланган амалий-кўргазмали семинар ўтказилди.

Тадбир давомида кузги шудгорлаш ишларини белгиланган агротехник талаблар асосида амалга ошириш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, шунингдек, ер майдонларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутахассислар томонидан фермер хўжалиги вакилларига келгуси йил ҳосили учун ерларни сифатли тайёрлаш бўйича тавсиялар берилди.
***
Кегейлида “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг иш самарадорлигини ошириш, ташаббускор ва фидойи хотин-қизлар фаолларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган танловда тумандаги 16 та маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари ўзаро беллашди.
Иштирокчилар фаолияти давомида эришган натижалари, амалга оширган ташаббуслари ва илғор иш тажрибаларини намойиш этишди. Танлов якунида муносиб иштирок этган фаоллар эътироф этилиб, ғолиблар тақдирланди.
***
Беруний тумани ҳокимлигида Президент Олимпиадасида муносиб иштирок этиб, ўзларининг спорт маҳорати, куч-ғайрати ва иродасини намоён этган ёш спортчилар, уларнинг мураббийлари ва ота-оналари билан учрашув ўтказилди.

Тадбирда туман ёш спортчиларнинг нуфузли мусобақадаги иштироки, эришган натижалари ҳамда спорт соҳасидаги интилишлари алоҳида эътироф этилди. Волейбол бўйича Қорақалпоғистон қизлар жамоаси олтин медалга эга бўлиб, ўзларининг тенгсизлигини яна бир бора намойиш этишди. Пара спортчиларнинг иродаси ва иштироки ҳам алоҳида қайд этилди.
Президент Олимпиадаси иштирокчиларига эсдалик совғалари ва рағбатлантирувчи мукофотлар топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири