Хавфли озиқ-овқат маҳсулотлари дастурхонимизгача етиб келмаслиги учун нима қилмоқ керак?
Дўкондан оилангиз учун кундалик озиқ-овқат маҳсулотларини харид қиляпсиз. Ёрқин қадоқлар, пештахтага чиройли терилган мева-сабзавотлар дарров эътиборни тортади.
Аммо бироз ҳушёр тортиб, ёрлиқдаги ёзувларни ўқисангиз, қўлингиздаги сутнинг яроқлилик муддати аллақачон ўтиб кетганига ёки гўшт маҳсулоти нотўғри ҳароратда сақланаётганига кўзингиз тушади. Сизнинг шу кичкина эътиборингиз бутун бошли оилани эҳтимолий хавфдан асраб қолади.
Саломатлигимизга таҳдид солувчи бу каби хавфлар кўпинча ана шундай чиройли манзара ортида яширинган бўлади. Муддати ўтгани, нотўғри сақлангани ёки таркибида зарарли моддалар борлиги кўпинча маҳсулот дастурхонга тортиқ қилинганидан сўнггина маълум бўлади. Аммо бу пайтда кеч бўлиши мумкин.
Демак, озиқ-овқат хавфсизлиги бозордаги текширув ёки сотувчига жарима ёзишдан иборат иш эмас экан. Бу маҳсулот етиштирилган даладан тортиб, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва истеъмолчи дастурхонигача бўлган бутун бир масъулият занжири саналади.
Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, хавфсизликни таъминлаш давлат органлари ва харидорларнинг ҳушёрлигига боғлиқ.
– Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда, энг аввало, истеъмолчининг фаоллиги муҳим, – дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мутахассиси Абдураҳмон Исмоилов. – Масалан, олаётган маҳсулотингизнинг яроқлилик муддати ўтгани, қадоғи бузилгани ёки иссиқда қолиб кетганини кўрсангиз, бунга индамай қараб турмаслик керак. Бу ҳақда тегишли ташкилотларга дарҳол хабар беришга одатланишимиз лозим. Қалбаки, келиб чиқиши номаълум ёки муддати ўтган овқатларни сотишга нисбатан жамиятда муросасиз муҳит шаклланиши шарт. Мана биргина рақамга эътибор қаратайлик. Жорий йилнинг дастлабки саккиз ойида 742 тоннадан ортиқ сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат маҳсулоти савдодан олинган.
Тасаввур қиляпсизми, агар шунча хавфли маҳсулот тўхтатиб қолинмаганида, қанчадан-қанча оилаларнинг дастурхонига кириб борарди? Бунча миқдордаги маҳсулот ортида қанча инсоннинг соғлиғи, ҳаёти турибди.
Демак, ўтказилган 699 та текширув ёки 670 дан зиёд тадбиркорлик субъектидаги камчиликларни аниқлашни оддий қоғоздаги ҳисобот деб бўлмайди.
Мамлакатимизда назорат фақат пештахтада эмас, балки “даладан дастурхонгача” тамойили асосида олиб борилмоқда. Бозор ва дўконларда маҳсулотнинг ташқи кўринишидан ташқари, унинг қаердан келгани, қачон ишлаб чиқарилгани ва қандай ташилгани ҳужжатлар асосида ўрганилади. Айниқса, гўшт, сут, балиқ каби тез бузиладиган озиқ-овқатлар қатъий ветеринария назоратидан ўтказилиб, лабораторияда текширилади.
Бундан ташқари, хориждан келтирилаётган импорт маҳсулотлар ҳам ўзимизнинг хавфсизлик талабларимизга тўлиқ жавоб бериши шарт. Уларнинг таркибида турли зарарли моддалар, оғир металл тузлари, пестицид ёки антибиотиклар бор-йўқлиги текширилади. Назорат жараёни маҳсулотнинг тури ва хавф-хатар даражасига қараб белгиланади.

Хўш, текширувларда аниқланган камчиликлардан кейин сифатсиз маҳсулотлар яна бозорга қайтиб чиқмаслигига ким кафолат беради? Назорат тадбирлари фақат қоидабузарни топиш билан чекланиб қолмаяптими?
– Бизнинг асосий мақсадимиз қоидабузарлик содир этилгандан кейин тадбиркорни жазолаш эмас, – дея таъкидлайди Абдураҳмон Исмоилов. – Шунингдек, биз хавфли маҳсулотнинг истеъмолчига етиб боришининг олдини олишга ҳаракат қиламиз. Маҳсулот чет элдан келганми ёки ўзимизда чиқарилганми, бундан қатъи назар, у одамлар соғлиғига зарар етказмаслиги керак. Божхона ва бошқа назорат органлари билан ҳамкорликда ишлашдан кўзланган мақсад ҳам шу. Чунки дастурхон хавфсизлиги рақамлар билан эмас, миллат саломатлиги билан ўлчанади.
Агар маҳсулот хавфсизлик талабига жавоб бермаса, унинг савдоси дарҳол тўхтатилади. Махсус комиссия қарори билан у муомаладан чиқарилиб, йўқ қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, озиқ-овқат хавфсизлиги фақат давлатнинг иши эмас. Бунда ишлаб чиқарувчининг, сотувчининг ва албатта, истеъмолчиларнинг умумий масъулияти бор.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА мухбири