Муддатли ҳарбий хизматчиларни олий таълимга тайёрлаш талаб даражасидами?
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмиталари қўшма мажлисида Шарқий ҳарбий округда муддатли ҳарбий хизматчиларни касб-ҳунарга ўқитиш ва олий таълимга тайёрлаш бўйича яратилган шарт-шароитлар кўриб чиқилди.
Мазкур масала 2026 йил 2 - 5 ноябрь кунлари Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги ҳарбий қисмларда ўрганилди.
Қайд этилганидек, Шарқий ҳарбий округдаги ҳарбий қисмларга 58 та техникум бириктирилган бўлиб, 3,7 мингдан ортиқ муддатли ҳарбий хизматчи 20 та касб йўналиши бўйича таълим олмоқда.
Мониторинг давомида аскарларни касб-ҳунарларга йўналтириш, олий таълим муассасаларига киришга тайёрлаш масалалари, шунингдек, ўқув-моддий базанинг ҳолати ҳамда масофавий таълим олиш учун яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги ҳарбий қисмларда касб-ҳунарларга ўқитиш учун янги ўқув бинолари ва павильонлар ташкил этилган. Жорий йилда 176 нафар аскар олий таълим муассасаларининг масофавий таълим шаклига ўқишга кириб, уларнинг таҳсил олиши учун зарур шароитлар яратилган.

Ўрганиш давомида касб-ҳунарларга ўқитишда зарур жиҳозлар билан таъминлаш, педагогларнинг транспорт харажатларини молиялаштириш, ўқув машғулотлари учун маблағ ажратиш ҳамда ҳарбий хизматчиларга таълим кредитлари бериш билан боғлиқ айрим камчиликлар аниқлангани қайд этилди.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш, касб-ҳунарларга ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, масъул вазирлик ва идоралар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Қўшма мажлис якунида ўрганиш натижалари ва билдирилган таклифлар асосида аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган қўмиталарнинг қўшма қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА