Гиёҳвандликка қарши курашиш – барчамизнинг вазифамиз
Урганч шаҳридаги Маъмун университетида Хоразм вилоят божхона бошқармаси масъул ходимлари томонидан талабалар иштирокида тарғибот тадбири ташкил этилди.
Гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича долзарб ойлик доирасида ташкил этилган тадбирда ёшларга гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш, гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги, келажаги ва жамият ҳаётига салбий таъсири, шунингдек, унинг аянчли оқибатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларни ноқонуний сақлаш, ташиш, истеъмол қилиш ҳамда уларнинг тарқалишига кўмаклашиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жавобгарлик чоралари тушунтирилди. Талабаларга бундай ноқонуний ҳолатларга бефарқ бўлмаслик, турли шубҳали таклифлардан огоҳ бўлиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фуқаролик масъулиятини ҳис этиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Тарғибот жараёнида божхона органлари томонидан аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқ мисоллар асосида келтирилиб, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

– Бошқармамиз божхоначилари томонидан 2026 йилнинг ўтган 9 ойи давомида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш йўналишида 24 та ҳолат аниқланиб, жами 7,9 килограмм гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаладан чиқарилди, – дейди бошқарманинг ахборот хизмати раҳбари Лайло Ғаниева. – Бундан ташқари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар билан боғлиқ 14 та ҳолат аниқланиб, 163 грамм тегишли моддалар ашёвий далил сифатида олинди.

Тадбир якунида талабалар гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўринишидан йироқ бўлишга, ҳуқуқий билимларини ошириб боришга, соғлом турмуш тарзига амал қилишга ва ўз келажагига масъулият билан ёндашишга чақирилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири