Попда кейинги йил ҳосили учун пухта замин яратилмоқда
Наманган вилояти Поп туманида 2027 йил ҳосили учун ер майдонларини сифатли тайёрлаш ва кузги агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ишлари давом этмоқда.
Тумандаги «Шуҳрат Умид сервис» фермер хўжалиги дала майдонида кузги шудгорлаш ишларини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари А. Абдусаломов, туман ҳокими Ғ. Муродхўжаев ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Семинарда ер майдонларидан самарали фойдаланиш, фойдаланишдан четда қолган ерларни қишлоқ хўжалиги айланмасига киритиш, ички ариқларни тозалаш, шунингдек, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, туманда жорий кузги мавсумда жами 16 минг 334 гектар ер майдонида шудгорлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун 13 та отряд ташкил этилган бўлиб, 33 та юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникаси жалб қилинган.
Кузги агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ва сифатли бажариш, ернинг унумдорлигини сақлаш ҳамда мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш келгуси йилда мўл ҳосил етиштиришнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.
[gallery-32200]
Семинар якунида ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида кўчатлар ўтқазилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА