Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимига янги раис сайланди
Андижонда Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлимининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси ўринбосари Дилшодбек Бўриев, уюшма аъзолари, вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Журналистлар уюшмасининг миллий медиамуҳитдаги ўрнини кучайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилганлиги, бугунги кунда жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида журналистларнинг иштироки, ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Йиғилишда ташкилий – уюшма вилоят бўлимига янги раҳбар сайлаш масаласи кўриб чиқилди.
[gallery-32005]
Таклиф этилган бир неча номзодлар орасидан Андижон вилояти телерадиокомпанияси раҳбари ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Иброҳимжон Зуфаров уюшма вилоят бўлимига раис этиб сайланди.
Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Дилшодбек Бўриев янги сайланган раис раҳбарлигида андижонлик журналистлар олдида турган қатор вазифаларга тўхталиб, вилоятда фаолият олиб бораётган журналистлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, фаол журналистларни ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатлантириш, фахрий журналистлар ҳолидан хабар олиш, умуман, барча ОАВ вакилларини эзгу мақсад йўлида жипслаштириш ва бошқа қатор йўналишларда олиб борилиши зарур вазифалар ҳақида гапирди.
Шунингдек, йиғилишда Андижон вилояти телерадиокомпанияси раҳбари Абдулҳамид Нурматов, Жалақудуқ тумани “Жалақудуқ ҳаёти” газетаси муҳаррири Шукрулло Хайитохунов, “Балиқчи” тумани “Ғалаба” газетаси муҳаррири Шаҳзодахон Каримова, фахрий журналистлар Бекмирза Мадраҳимов, Тўлқин Сиддиқов, Матлуба Юсупова, Феруза Мирзаолимова ва бошқалар томонидан Андижонда матбуот, матбуот ва журналистика соҳасини янада ривожлантириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари