Инновацион ғоялардан амалий ечимларга: “InnoWeek–2026” халқаро ҳафталиги старт олди
Пойтахтимизда “Ўзгараётган дунё учун инновациялар” шиори остида “InnoWeek–2026” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги ўз ишини бошлади.
Уч кун давомида илм-фан ютуқлари, замонавий технологиялар, истиқболли ишланмалар ва янги бизнес ғоялар намойиш этилиб, маҳаллий ҳамда хорижий ҳамкорлар ўртасида тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш учун имкониятлар яратилади.
Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида вазирлик ва идоралар раҳбарлари, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари вакиллари, халқаро илмий марказлар олимлари, технология соҳаси экспертлари, стартап экотизими иштирокчилари, ёш инновациячилар, ихтирочилар, тадбиркорлар ҳамда инвесторлар қатнашди.

Маросимда сўзга чиққанлар илмий тадқиқотлар натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, қўшимча қиймат занжирини яратиш ва мамлакатнинг инновацион салоҳиятини рўёбга чиқаришда ҳафталикнинг аҳамиятини таъкидлади. Шунингдек, маҳаллий олимлар ва илмий муассасалар имкониятларидан самарали фойдаланиш, илмий изланишларни иқтисодиётнинг реал эҳтиёжларига йўналтириш ҳамда замонавий технологияларни ўзлаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Ҳафталикда 30 дан ортиқ давлатдан 200 нафарга яқин вакил, 50 га яқин халқаро компания, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, венчур фондлар, молия ташкилотлари ва бошқа ҳамкорлар иштирок этмоқда. Жумладан, Япония, Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Канада, Италия, Буюк Британия, Венгрия, Сингапур, Германия, Франция, Швейцария, Ҳиндистон, Эрон, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Грузия, Туркия, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон вакиллари ушбу халқаро майдонда жам бўлган.

Тадбирнинг асосий йўналишларидан бири инновацион ишланмалар кўргазмасидир. 15 минг квадрат метрдан ортиқ майдонда ташкил этилган кўргазмада жами 265 та экспонент, жумладан, 225 та маҳаллий ва 40 та хорижий иштирокчи ўз маҳсулот ва ишланмаларини тақдим этмоқда. Кўргазма ҳудудида 12 та блок ва 240 та стенд ташкил этилган бўлиб, ташриф буюрувчилар эътиборига 750 та инновацион маҳсулот ҳавола қилинмоқда. Унда олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари, инновацион тадбиркорлик субъектлари, спин-офф компаниялар, ёш стартапчилар, Яшнобод технопарки ва ҳудудий ёшлар технопарклари, Жаҳон банкининг “MUNIS” лойиҳаси иштирокчилари, ихтирочилар ҳамда рационализаторлар ўз ишланмаларини намойиш этмоқда.
Тадбирлар доирасида олимлар, тадқиқотчилар, тадбиркорлар ва инвесторлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилиб, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш, уларни тижоратлаштириш ва янги лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Халқаро бизнес ҳамкорликни ривожлантириш ҳам ҳафталикнинг муҳим йўналишларидан биридир. B2B учрашувлар орқали маҳаллий корхоналар хорижий компаниялар билан алоқалар ўрнатиш, ўзаро манфаатли таклифларни муҳокама қилиш ва қўшма лойиҳалар бўйича дастлабки келишувларга эришиш имкониятига эга бўлади. Бундай учрашувлар илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, инновацион маҳсулотларни бозорга олиб чиқиш ҳамда халқаро бизнес муносабатларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА