Урганчда Европа кинофестивали
Шу кунларда Хоразм вилоятида XI Европа кинофестивали ўтказилмоқда.
XI Европа кинофестивалининг очилиши арафасида Урганч шаҳридаги маданият марказида журналистлар, олий ўқув юртлари ҳамда маданият ташкилотлари вакиллари иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар ва Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлигининг ҳудудий бошқармаси раҳбари Фахриддин Салаев очиб берди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар XI Европа кинофестивали шукуҳини томошабинлар билан баҳам кўриш мақсадида Хоразм вилоятига махсус ташриф буюриб, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алмашинувнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
– 2013 йилдан буён ўтказиб келинаётган Европа кинофестивали ҳар йили кино ихлосмандларини бир жойга жамлаб, мамлакатнинг энг кутилган маданий тадбирларидан бирига айланди, – дейди Тойво Клаар. – Ўтган йиллар давомида Ўзбекистоннинг тўққизта вилоятида Европа Иттифоқига аъзо деярли барча давлатлар ҳамда бошқа Европа мамлакатларининг 120 дан ортиқ фильми намойиш этилди. Европа киносининг бой ва ранг-баранг намуналари Навоий, Нукус, Шаҳрисабз, Фарғона, Жиззах, Бухоро ва бошқа шаҳарларда томошабинлар эътиборига ҳавола этилиб, доимо омманинг катта қизиқиши ҳамда илиқ эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.
Матбуот анжумани давомида иштирокчилар фестивалнинг Хоразм вилояти учун мўлжалланган дастури билан таништирилди. Унга кўра, хоразмликлар фестиваль кунлари европалик муаллифларнинг учта фильмини томоша қилиши мумкин бўлади.
[gallery-32198]
Худойберган Девонов номидаги кинотеатрда намойиш этиладиган Франция ва Люксембург кино ижодкорлари томонидан яратилган “Боғдаги қайиқ” анимацион филми, грециялик режиссёр Василис Ксироснинг “Момиқ айиқча ҳаётидан бир кун” романтик ҳикояси ҳамда Ўзбекистондаги Гёте институти томонидан тақдим этилган “Карла” номли немис драмаси фестиваль дастуридан ўрин олди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари