Элликқалъада пахта йиғим-терими давом этмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида пахта йиғим-терими қизғин паллада. Етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда ва сифатли йиғиб олиш, мавсумни юқори натижалар билан якунлаш мақсадида дала майдонларида замонавий техникалардан самарали фойдаланилмоқда.
Жорий йилда туманда қарийб 8 минг 700 гектар майдонга чигит экилди. Айни пайтда далаларда пахта йиғим-терими жадал давом этмоқда. Мавсумни ўз вақтида якунлаш учун 20 га яқин замонавий пахта териш машинаси жалб этилган. Улар ёрдамида ҳосил тезкорлик билан йиғиб олиниб, қабул пунктларига етказилмоқда.
[gallery-32157]
Мавсум якунига қадар туманда давлатга қарийб 43 минг тонна пахта хомашёси топшириш белгиланган. Пахтакорлар, соҳа мутахассислари ва механизаторлар ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиб олиш ҳамда белгиланган вазифаларни бажариш учун саъй-ҳаракат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат ва видео), ЎзА