35 йиллик тарих, катта тажриба ва масъулият
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилоят ахборот-кутубхона марказида «Халқ сўзи» — «Народное слово» газеталари чоп этила бошланганининг 35 йиллигига бағишланган маърифий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Шодмон Сулаймон, «Халқ сўзи» газетасининг вилоятдаги мухбири Истам Иброҳимов ва бошқалар нашрлар босиб ўтган 35 йиллик тарих, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни, аҳоли, хусусан, ёшлар онгига истиқлол ғояларини сингдириш борасидаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
— Мазкур газеталарнинг 35 йиллиги нафақат таҳририят жамоаси, балки мамлакатимиз миллий матбуоти учун ҳам муҳим сана ҳисобланади, - дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова. — Нашрлар тарихи мустақил Ўзбекистоннинг шаклланиш ва тараққиёт йўли билан узвий боғлиқ. Истиқлолнинг илк йилларида, мамлакатимиз ҳаётида туб ўзгаришлар юз бераётган, янги давлатчилик асослари барпо этилаётган масъулиятли даврда газеталар халқимизга мустақиллик ғоялари ва ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказувчи муҳим ахборот манбаига айланди. «Халқ сўзи» — «Народное слово» давлат ва жамият ўртасидаги ахборот мулоқотини таъминлашда муносиб ўрин эгаллади. Бу тажриба йиллар давомида нашрларнинг ўзига хос белгисига айланди. Зеро, 35 йиллик тарих — катта тажриба, юксак масъулият ва янги марралар сари интилиш демакдир.
Учрашувда таъкидланганидек, «Халқ сўзи» газетаси маданий-маърифий мавзулардаги долзарб мақолалари, жумладан, танқидий чиқишлари билан ҳам жамоатчилик эътиборини қозониб келмоқда. Хусусан, Бухородаги маданий мерос объектларини асраш ва муҳофаза қилиш, мусаввирлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, кутубхоналарни замонавий бинолар билан таъминлаш каби масалаларга бағишланган мақолалар бу борадаги изчил журналистик изланишлар самарасидир.
[gallery-32181]
Тадбир якунида иштирокчилар «Халқ сўзи» — «Народное слово» газеталари таҳририятини юбилей билан табриклади. Матбуот соҳасининг бир гуруҳ фаоллари махсус кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА