Юқори Мачайнинг кузги манзаралари
Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Юқори Мачай қишлоғи ўзининг сўлим табиати, пурвиқор тоғлари ва бетакрор манзаралари билан ажралиб туради. Тоғлар бағрида жойлашган ушбу маскан ҳар фаслда ўзгача гўзаллик касб этади.
Айни кунларда Юқори Мачай кузнинг олтин рангларига бурканган. Тоғ ёнбағирларидаги сарғайган дарахтлар, қоялар орасидан жилдираб оқаётган зилол сувлар ва мусаффо ҳаво қишлоққа ўзгача жозиба бағишламоқда. Олисларга туташган пурвиқор тоғлар ва кузнинг ранг-баранг манзаралари эса бу масканнинг табиий гўзаллигини янада яққол намоён этмоқда.
Юқори Мачай табиати йилнинг тўрт фаслида ҳам ўзига хос. Баҳорда яшилликка бурканадиган тоғ ёнбағирлари ёзда салқин ва сўлим манзаралари, кузда эса олтин ва қирмизи ранглари билан кишини мафтун этади.
Айниқса, кузги сокинлик, тоғлар бағридан эсган майин шабада ва сой сувларининг шилдираши бу масканга келганларга ўзгача завқ бағишлайди. Табиатнинг бундай гўзал манзаралари кишига ором бағишлаб, унутилмас таассурот қолдиради.
[gallery-32121]
Юқори Мачайнинг кузги қиёфаси Бойсун тоғлари табиатининг нақадар гўзал ва ранг-баранг эканини яна бир бор намоён этади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА