Ўриндиқ остига яширилган 23 дона ўқ-дори фош қилинди
“Довут-ота” чегара божхона пости ходимлари томонидан Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига кириб келган, Грузиядан Тожикистонга ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситасининг божхона назорати давомида юк автомобилига ортилган BMW русумли енгил автомобиль орқа ўриндиғи тагидан 23 дона 9 мм ўқ-дори (патрон) аниқланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бўлими хулосасига кўра, аниқланган воситалар жанговар ўқотар қурол ўқ-дорилари бўлиб, яроқли ҳолатда экани ва Чехияда завод усулида ишлаб чиқарилгани тасдиқланди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддасида қурол ва ўқ-дориларни божхона чегарасидан қонунга хилоф равишда олиб ўтиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, белгиланган тартибда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири