Яқин Шарқ сари қадам: Иордания Ўзбекистон учун янги иқтисодий дарвозага айланмоқда
Озарбайжоннинг "Trend" ахборот агентлиги Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 23–24 ноябрь кунлари Иорданияга давлат ташрифи муносабати билан икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик истиқболларига бағишланган мақола эълон қилди.
“Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга ташрифи Яқин Шарқ билан иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришдан дарак беради” сарлавҳали материалда қайд этилишича, ушбу ташриф Ўзбекистоннинг минтақадаги иқтисодий ва дипломатик иштирокини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларининг навбатдаги босқичидир.
Нашр икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқот фаоллашганини таъкидлар экан, бу жараённинг муҳим босқичи сифатида 2025 йил август ойида Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга давлат ташрифини эслатиб ўтади. Ўшанда томонлар ўзаро муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб, савдо, инвестиция, саноат ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратган эди.
“Trend” ҳозирги ташриф кун тартибида ҳам иқтисодий масалалар устувор ўрин тутаётганига эътибор қаратган. Олий даражадаги музокаралар ва икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокидаги бизнес-форумда тўқимачилик, тоғ-кон, кимё, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика соҳаларидаги шерикликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилиши режалаштирилган. Нашр фикрича, айнан шу йўналишлар ўзаро савдо ва инвестициявий алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мақолада келтирилган маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 8,5 миллион долларга етган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 79,2 фоиз кўпдир.
Нашр Ўзбекистон экспортини янада кенгайтириш имкониятларига тўхталиб, озиқ-овқат, тўқимачилик маҳсулотлари ва қуритилган меваларни истиқболли йўналишлар қаторида санайди. Иорданиядан эса фармацевтика, кимё маҳсулотлари, машина ва ускуналар етказиб бериш ўзаро савдонинг муҳим таркибий қисми сифатида кўрсатилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда Иордания капитали иштирокидаги 18 та корхона фаолият юритаётгани қайд этилган.
Ахборот ҳамкоримиз икки мамлакат ўртасида тайёрланаётган преференциал савдо битими ҳам иқтисодий алоқаларга қўшимча суръат бериши мумкинлигини таъкидлайди. Ушбу келишув бозорларга кириш имкониятини енгиллаштириш, тижорат алоқаларини фаоллаштириш ва тадбиркорлар учун янада барқарор шароит яратишга хизмат қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, томонлар қўшма ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, технологиялар трансфери ҳамда транспорт-логистика алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларини ҳам муҳокама қилмоқда.
Мақолада фармацевтика саноати истиқболли ҳамкорлик йўналишларидан бири сифатида алоҳида ажратиб кўрсатилган. Иорданиянинг дори воситалари ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорларга етказиб бериш тажрибаси Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турини кўпайтиришда қўл келиши мумкин. Ўзбекистон эса Иордания компанияларига тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё ва минерал ресурслар соҳаларида манфаатли ҳамкорликни таклиф этади.
Нашр иқтисодий шерикликни ривожлантиришда транспорт-логистика алоқаларининг ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратган. 2026 йил июль ойида Аммон ва Тошкент ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилгани, шунингдек, икки мамлакат фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилгани ишбилармонлик алоқалари, туризм ва халқлар ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш учун кенг қулайлик яратаётгани таъкидланган.
Мақола якунида давлат ташрифининг амалий самараси эришилган сиёсий келишувларнинг реал иқтисодий лойиҳаларга айланиши, ўзаро савдо ҳажмининг ошиши ва хусусий сектор ўртасидаги барқарор алоқаларга бевосита боғлиқ экани қайд этилади. Нашр фикрича, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги йирик бозори ва иқтисодий имкониятлари Иордания ишбилармон доиралари учун ҳам янги ҳамкорлик майдони бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА