Мактабга тайёрловда ижтимоий соҳа объектлари биноларидан ҳам фойдаланилади
Қуйи палата мажлисида мактабгача ва мактаб таълими тизими интеграциясини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Лойиҳада бир йиллик мактабга тайёрловни мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида белгилаш назарда тутилмоқда, — деди депутат С.Имомова. — Бу орқали таълим тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсад қилинган. Бир йиллик мажбурий тайёрлов мактабгача таълим муассасаларида, умумтаълим мактабларида, олис ва чекка ҳудудларда эса аҳолига яқин бўлган ижтимоий соҳа объектларида ташкил этилади. Бунинг учун педагог кадрларни тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилмоқда.

Муҳокамаларда депутатлар ижтимоий соҳа объектларида мактабга тайёрловни ташкил этиш қай тартибда бўлиши масаласига эътибор қаратди. Қонун ташаббускорларининг таъкидлашича, бугунги кунда 101 та ижтимоий соҳа объектларида мактабга тайёрлов йўлга қўйилган. Мактаб ёки боғча мавжуд бўлмаган ҳудудлардаги аҳоли пунктларида болаларни тайёрловга тўлиқ қамраб олиш мақсадида ижтимоий соҳа объектлари биноларидан фойдаланилади.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мактабгача ва мактаб таълими ўртасидаги узвийликни таъминлаш, болаларни мактабга тайёрлаш сифатини ошириш, қамровни 100 фоизга етказиш ҳамда Ўзбекистон таълим тизимининг халқаро даражадаги мавқеини ошириш ва фуқароларга хорижий давлатдаги ўқиш фаолияти учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА