Божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб тўлаш муддати узайтирилмоқда
Чет эл автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби такомиллаштирилиб, уларнинг мамлакатимиз ҳудудида бўлиш муддати 90 кундан 180 кунгача узайтирилмоқда. Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш муддати эса 60 кундан 120 кунга оширилмоқда.
Маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда чет эл фуқаролари томонидан олиб келинган 2 минг 312 автотранспорт воситалари белгиланган муддатларда олиб чиқиб кетилмагани учун 328 миллиард сўм божхона тўловлари ундирилмай келмоқда.
Эндиликда ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, божхона расмийлаштируви жараёнларини соддалаштириш ҳамда соҳада замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилинган “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботлари янада соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни мақсадларга қаратилган.
Қайд этилганидек, тадбиркорларга божхона тўловларини тўлаш имкониятини янада енгиллаштириш мақсадида божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб тўлаш муддатини 60 кундан 120 кунгача узайтириш белгиланмоқда. Шунингдек, божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашда ҳисобланадиган фоизларни Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенглаштириш, тадбиркорлик субъектлари учун бош таъминот суммаларини камайтириш механизмлари жорий этилмоқда.
Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари доирасида аризалар ҳамда уларга илова қилинадиган ҳужжатларни “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали қабул қилиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Муҳокамаларда ушбу қонун лойиҳаси ташқи савдо операцияларида ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни қисқартириш, тадбиркорларнинг молиявий юкини енгиллаштириш, божхона хизматлари шаффофлиги ва тезкорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА