Яқин ҳамкорлигимиз — яқин дўстлигимиз!
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ташаббуси билан МДҲ давлатлари вакиллари иштирокида халқаро саммит бошланди. Унда кўриш имконияти чекланган шахсларнинг жамиятга интеграцияси ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда аҳолининг имконияти чекланган қатламига бўлган эътибор янги даража касб этмоқда. Улар учун жамиятда тенгликни таъминлаш мақсадида ҳар томонлама қулайликлар яратилди. Хусусан, кўриш бўйича нуқсони бор шахслар учун ҳам алоҳида стратегик ёндашувлар ишлаб чиқилмоқда. Бунда кўзи ожизлар жамиятининг ўрни ва аҳамияти улкан.
Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқаруви ташаббуси билан Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларида фаолият юритаётган кўзи ожизлар жамоат бирлашмалари вакиллари иштирокида «Яқин ҳамкорлигимиз — яқин дўстлигимиз!» мавзусида халқаро саммит ўтказилмоқда.
Саммитнинг асосий мақсади кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий интеграциясини таъминлаш, халқаро ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, уларнинг мустақил ҳаёти, таълими, бандлиги ва реабилитацияси соҳаларида тажриба алмашиш ҳамда амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Саммит доирасида кўзи ожизларнинг яшаш тарзини яхшилаш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан унумли фойдаланишга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Тадбир доирасида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи шахслар ўртасида дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муносабатларини мустаҳкамлаш, МДҲ давлатларидаги жамоат бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда давлатлар ўртасида тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги ўн йилликда кўзи ожизлар жамияти фаолияти тубдан такомиллашди. Жамият доирасидаги тадбирлар салмоғи ва савияси ҳам юқори даражага кўтарилди. Халқаро тажриба алмашиш қўллаб-қувватланмоқда. Ушбу саммит ҳам ана шундай эътибор ва имкониятнинг самарасидир.
Шербек Исломов,
Нишонбой Абдувоитов (видео), Искандар Исматов (монтаж),
ЎзА