Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига эътибор қаратилди
Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсиз ва соғлом муҳитда камол топишини таъминлаш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда болалар манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига ташриф буюрди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад марказда сақланаётган вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари қай даражада таъминланаётганини ўрганиш, уларнинг яшаш шароитлари билан танишиш ҳамда мавжуд муаммоларга ечим топишдан иборат бўлди.
Мулоқотлар давомида минтақавий вакил болалар билан якка тартибда ва гуруҳларда очиқ, самимий суҳбатлар ўтказди. Уларнинг кундалик ҳаёти, ўй-ташвишлари, дуч келаётган қийинчиликлари ва келажак режаларини тинглади. Айниқса, ҳар бир боланинг фикри ва мурожаатига алоҳида эътибор қаратиб, уларни қийнаётган масалаларни аниқлашга ҳаракат қилди.


Ўрганиш жараёнида марказда яратилган шароитлар, жумладан, яшаш хоналари, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, таълим олиш ҳамда бўш вақтни мазмунли ташкил этиш имкониятлари кўздан кечирилди. Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан аввал тазйиқ, камситиш ёки зўравонлик ҳолатлари содир этилган-этилмагани ҳам алоҳида ўрганилди.
Учрашувда болаларга қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари, улар бузилган тақдирда тегишли идораларга мурожаат қилиш тартиби ва ҳуқуқий ҳимоя механизмлари тушунтирилди. Шунингдек, ҳуқуқбузарликлардан йироқ бўлиш, ҳаётда тўғри қарор қабул қилиш, келажакка ишонч билан қараш ва оила бағрига қайтиш масалалари юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Эътиборли жиҳати, бундай учрашувлар фақат мавжуд ҳолатни назорат қилиш билан чекланмайди. Улар боланинг қалбига қулоқ тутиш, муаммосини ўз вақтида англаш ва унинг келажагига бефарқ бўлмаслик имконини беради. Зеро, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдамга муҳтож ҳар бир вояга етмаганнинг ортида алоҳида тақдир, орзу ва умидлар бор. Уларни тинглаш, қўллаб-қувватлаш ва жамиятга мослашишига кўмаклашиш ҳуқуқий ҳимоянинг муҳим таркибий қисмидир.
Шу маънода, Омбудсман институти ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигидаги бундай профилактик тадбирлар болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, эҳтимолий тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилади. Бу борадаги ҳамкорлик ва манзилли ишларни изчил давом эттириш белгиланган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири