Тирбандликка қарши қандай ечим бор?
Тошкентда аҳоли ва транспорт оқими ортиши шаҳар транспорт ҳаракатига янги талаблар қўймоқда. Кимга устуворлик берилади: шахсий автомобилгами ёки ўнлаб йўловчини ташийдиган жамоат транспортигами? Пойтахтдаги BRT лойиҳаси ана шу саволга жавоб беради.
Бугун шаҳарда аҳоли сони ортиб, ҳаракатланиш эҳтиёжи тобора кенгайиб бормоқда. Ҳар бир оила учун автомобиль қулайлик воситаси бўлиши мумкин. Бироқ, барча бир вақтнинг ўзида шахсий транспортда йўлга чиқса, шаҳар кўчаларининг имкониятлари чекланади. Рақамларга кўра, Тошкентда 3,2 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади, рўйхатдан ўтган шахсий автомобиллар сони эса қарийб 640 мингтани ташкил этади. Жорий йил 15 сентябрь куни пойтахт автобуслари бир суткада 1,52 миллион нафар йўловчи ташиб, рекорд натижа қайд этган. Бир кун аввал метро хизматидан 1,17 миллион нафар йўловчи фойдаланган. Бу эса жамоат транспортининг шаҳар ҳаётидаги ўрни тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Ривожланган давлатларда бир хил йўл майдонидан самарали фойдаланиш мумкинлигини кўрсатувчи муҳим мезонлар мавжуд. Тошкентда ҳам босқичма-босқич BRT лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа Сергели ва Юнусобод туманларини боғлайдиган 22,7 километрлик транспорт коридорини шакллантиришни назарда тутади.
Пойтахтдаги Шота Руставели кўчаси — 6,5 километрдан иборат бўлиб, ушбу йўналишда BRT тизими 2025 йилдан буён фаолият юритмоқда. Шаҳрисабз кўчаси — 3,2 километр. Дастлабки 2,2 километрлик қисми фойдаланишга топширилган, қолган қисмида ишлар давом этмоқда. Амир Темур шоҳ кўчаси — 7,6 километр, BRT инфратузилмасини ташкил этиш ишлари бошланган. Янги Сергели кўчаси — 5,5 километр. Дастлабки тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ушбу коридорнинг аҳамияти фақат автобуслар учун алоҳида йўлак ажратиш билан чекланмайди. Бу — шаҳарнинг турли ҳудудлари ўртасида тезкор ва қулай жамоат транспорти алоқасини шакллантиришга қаратилган комплекс лойиҳадир.
BRT тизими автобуслар учун ажратилган махсус тасма эмас. Аслида бу бир-бири билан узвий боғланган инфратузилма ва бошқарув ечимларидан иборат тизим. Лойиҳа доирасида автобуслар ҳаракати учун махсус йўлаклар ташкил этилади, светофорлар янгиланиб, “яшил тўлқин” тизими жорий қилинади, йўловчилар оқимига мос замонавий бекатлар ва платформалар барпо этилади, автобуслар сони кўпайтирилиб, қатнов жадваллари мақбуллаштирилади.
Кўча ёритиш тизимлари модернизация қилинади, видеокузатув камералари ва SOS тугмалари ўрнатилади, бекатларда автобусларнинг етиб келиш вақтини кўрсатувчи электрон таблолар жойлаштирилади. Натижада йўловчи автобусни қанча вақт кутишини билиши, белгиланган йўналиш бўйича ҳаракатланиши ва манзилига етиб бориш вақтини олдиндан режалаштириши мумкин бўлади. Қайд этиш лозимки, бу ўзгаришлар автомобиль ҳайдовчилари учун ҳам фойдали бўлиши мумкин. Жамоат транспортига устуворлик беришнинг аҳамиятли томонлари бор. Агар автобус тез ва қулай ҳаракатланса, айрим фуқаролар шахсий автомобили ўрнига жамоат транспортини танлайди. Натижада йўлдаги автомобиллар оқими камайиши мумкин.
Шаҳарнинг ривожлангани унда қанча автомобиль борлиги билан эмас, балки одамлар қанчалик тез, қулай ва хавфсиз ҳаракатлана олиши билан ҳам белгиланади. 22,7 километрлик BRT коридори айнан шу мақсадга хизмат қилиши кутилмоқда. Энг муҳими, бугунги ўзгаришлар эртанги Тошкентда вақт қадрини, ҳаракат қулайлигини ва инсон манфаатини биринчи ўринга қўйишга қаратилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА