Япония киберҳужумларга қарши сунъий интеллектни қўлламоқчи
Япония ҳукумати "PHP" дастурлаш тилидаги жиддий заифликлар сабаб тизим хавфсизлигини текшириш ва киберҳужумларни симуляция қилиш учун сунъий интеллект гуруҳини тузмоқда.
Бутун дунёда кенг қўлланадиган ушбу тизимдаги “тирқишлар” ошкор бўлгач, миллионлаб хакерлик ҳужумлари кузатилди ва кўплаб йирик сайтлар фаолияти фалажланди.
Оқибатда Япониянинг “SoftBank” оператори хавфсизлик янгиланишлари сабабли фавқулодда хабардор қилиш тизимини вақтинча ўчиришга мажбур бўлди. Натижада 30 миллиондан ортиқ фойдаланувчи цунами ва ер силкиниши ҳақидаги тезкор огоҳлантиришларни вақтинча ололмайдиган бўлди.
Бундан ташқари, мамлакатнинг етакчи банклари, авиакомпаниялари, темир йўллари ва давлат идоралари электрон хизматларини вақтинча чеклади.
Ўлка саноат вазири Рёсэй Аказава киберҳимояда сунъий интеллектдан фойдаланиб, ҳужумчилардан бир қадам олдинда юриш зарурлигини таъкидлади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, СИ хакерларга ҳужумларни автоматлаштиришни енгиллаштирмоқда. “PHP” дастурчилари йиллар давомида яширин қолган заифликларни бартараф этиб, барча фойдаланувчиларга тизимларни зудлик билан янгилашни тавсия этган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА