ЕХҲТ Парламент ассамблеяси раиси Самарқандда
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси раиси Пере Жоан Понс Сампьетро бошчилигидаги делегация Самарқандга келди.
Мартабали меҳмонларни Самарқанд темир йўл вокзалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов кутиб олди.
Дастлаб делегация аъзолари Самарқанд шаҳридаги Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган 4-техникумда яратилган шароитлар билан танишди. Бу ерда ёшларга касб-ҳунар, хорижий тилларни ўргатиш бўйича йўлга қўйилган тизим мисолида мамлакатимиздаги техникумлар ўқув жараёни, назарий ва амалий машғулотлар олиб борилиши ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг меҳмонлар шаҳардаги Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси ва бошқа тарихий обидалар, диққатга сазовор масканларда бўлди.
Пере Жоан Понс Сампьетро Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан кеча бўлиб ўтган мулоқот халқаро масалаларга бағишланганини таъкидлади.
[gallery-32131]
– Учрашувда Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, минтақада савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдик, – деди ЕХҲТ Парламент ассамблеяси раиси Пере Жоан Понс Сампьетро. – Самарқандга ташрифимиз ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Қадимдан Буюк ипак йўли орқали шарқ ва ғарбни боғлаб келган ушбу шаҳар бугун ҳам халқаро мулоқот майдони сифатида дунёда ўз муносиб ўрнига эга. Жумладан, бу ерда ўтган йил олий даражадаги Марказий Осиё – Европа иттифоқи мулоқоти бўлиб ўтган эди. Яқинда ҳам Самарқанд нуфузли халқаро форумларга мезбонлик қилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари