“Ташаббусли бюджет”: халқ ташаббуси - амалий натижа
Давлат бюджети маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши, ҳудудлардаги долзарб муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилишида жамоатчилик иштироки муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатимизда 2021 йилдан буён амалга ошириб келинаётган “Ташаббусли бюджет” жараёнлари орқали фуқароларга ўз маҳалласидаги муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар билдириш ва бюджет маблағларини йўналтиришда бевосита иштирок этиш имконияти яратилди. 2026 йилда эса шериклик асосида молиялаштириш ва депутат ташаббуси каби янги механизмлар жорий этилиб, ушбу жараённинг имкониятлари янада кенгайтирилди.
“Ташаббусли бюджет” жараёнларининг натижалари, жорий йилдаги янгиликлар ва аҳоли учун яратилаётган имкониятлар ҳақида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бош мутахассиси Санжар Султонов билан суҳбатлашдик.
– “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси мамлакатимизда 2021 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. Ушбу механизмнинг асосий мақсади нимадан иборат ва ўтган даврда қандай натижаларга эришилди?
– “Ташаббусли бюджет”нинг асосий мақсади давлат бюджети маблағларини тақсимлаш жараёнига фуқароларни бевосита жалб қилиш, маҳаллалардаги долзарб муаммоларни аҳоли таклифлари асосида аниқлаш ва ҳал этишдан иборат.
Ўтган давр мобайнида “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали фуқаролар томонидан 400 мингдан ортиқ лойиҳа илгари сурилди. Уларнинг 24 мингдан ортиғи ғолиб деб топилиб, амалга оширилиши учун жами 26 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
Натижада 8 мингдан ортиқ ички йўллар таъмирланди, 7 мингдан зиёд умумтаълим мактабларида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, 2 мингдан ортиқ тиббиёт муассасасининг моддий-техник базаси яхшиланди. Бу рақамлар ташаббусли бюджетнинг аҳоли ҳаётидаги амалий аҳамиятини кўрсатади.
– 2026 йилда “Ташаббусли бюджет” доирасида қандай натижаларга эришилди? Ажратилган маблағлар асосан қайси йўналишларга сарфланди?
– Жорий йилда ҳам фуқароларнинг ушбу жараёндаги иштироки юқори бўлди. “Очиқ бюджет” портали орқали аҳоли томонидан 44 мингдан ортиқ лойиҳа илгари сурилди ва уларни қўллаб-қувватлаш учун 20 миллиондан ортиқ овоз берилди.
Овоз бериш натижаларига кўра, 4 800 дан ортиқ лойиҳа ғолиб деб топилиб, уларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан жами 6,5 триллион сўм маблағ ажратилди.
Ушбу маблағларнинг 3,2 триллион сўми 2 мингдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга, 1,5 триллион сўми 1 минг 129 та умумтаълим муассасасини таъмирлаш ва жиҳозлашга йўналтирилди. Шунингдек, 371 та тиббиёт муассасаси учун 466 миллиард сўм, 234 та мактабгача таълим муассасаси учун 310 миллиард сўм ажратилди.
Бундан ташқари, ҳудудларда ташқи ёритиш тизимини яхшилаш учун 195 та лойиҳага 118 миллиард сўм, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган 53 та лойиҳага эса 69 миллиард сўм йўналтирилди.
– Жорий йилдан бошлаб шериклик асосида молиялаштириш ва депутат ташаббуси механизмлари ҳам жорий этилди. Уларнинг аҳамияти ва ўзига хос жиҳатлари нимада?
– Ушбу механизмлар 2025 йил 29 августдаги Президентимизнинг “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий этилди. Улар “Ташаббусли бюджет” имкониятларини кенгайтириш ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда янги ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади.
Шериклик асосида молиялаштириш механизмида фуқаролар лойиҳаларни амалга оширишга ўз маблағлари билан ҳам ҳисса қўшади. 2026 йилда ушбу механизм орқали 152 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Уларни амалга ошириш учун қарийб 20 миллиард сўм маблағ шакллантирилди. Шундан қарийб 10 миллиард сўми аҳоли маблағлари, қолган 10 миллиард сўми эса давлат бюджети ҳисобидан қопланди.
Депутат ташаббуси механизми эса овоз бериш жараёнида етарли овоз тўплай олмаган, бироқ муҳим ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш имконини беради. Жорий йилда 150 нафар депутат томонидан ҳудудлардаги муаммолар ўрганилиб, 495 та лойиҳа танлаб олинди. Уларни амалга ошириш учун қарийб 480 миллиард сўм маблағ ажратилди.
– Келгусида “Ташаббусли бюджет” жараёнларини янада такомиллаштириш бўйича қандай вазифалар белгиланган? Бу жараёнлар аҳоли ҳаётида қандай ўзгаришларга хизмат қилади?
– Асосий вазифалардан бири фуқароларнинг бюджет жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтириш, давлат маблағларидан фойдаланишда очиқлик ва шаффофликни таъминлашдан иборат.
Бугунги кунда “Ташаббусли бюджет” билан бир қаторда “Менинг мактабим”, “Маҳалла бюджети”, “Менинг боғим” каби лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Бу эса аҳолининг ўз ҳудудидаги муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этишдаги иштирокини кучайтирмоқда.
Шунингдек, мазкур лойиҳа фуқароларда жамоат мулкига нисбатан дахлдорлик ва масъулият ҳиссини ҳам оширади. Чунки аҳоли ташаббуси билан таъмирланган йўллар, мактаблар, боғлар ва бошқа инфратузилма объектларини асраб-авайлашга бўлган эътибор ҳам ортади.
Энг муҳими, ушбу жараёнлар давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, бюджет маблағларининг аҳоли учун энг зарур бўлган муаммоларни ҳал этишга йўналтирилишига хизмат қилади. Зеро, ҳар бир амалга оширилган лойиҳа ортида обод маҳалла, ҳал этилган муаммо ва аҳоли ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар мужассам.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.