Истиқболли кадрлар сараланмоқда
Сирдарё вилоятида иқтидорли, ташаббускор ва салоҳиятли кадрларни аниқлаш, уларнинг бошқарув соҳасидаги билим ва кўникмаларини баҳолашга қаратилган “Янги Ўзбекистоннинг истиқболли кадрлари” ТОП-100 танловининг тест синовлари босқичи якунланди.
Танловда иштирок этиш учун жами 941 нафар номзоддан аризалар қабул қилинди. Дастлабки саралаш жараёнида 62 нафар талабгорнинг ҳужжатлари белгиланган малака талабларига мувофиқ эмаслиги сабабли рад этилди. Шу тариқа, 879 нафар номзод тест синовларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Уларнинг 501 нафари тест синовларида қатнашди. Натижаларга кўра, 56 ва ундан юқори балл тўплаган 313 нафар номзод танловнинг кейинги — эссе ёзиш босқичига йўлланма олди.
Навбатдаги босқичда иштирокчиларнинг таҳлилий фикрлаш, муаммоли вазиятларга ечим топиш, эҳтимолий хавф-хатарларни аниқлаш, ҳуқуқий жиҳатдан асосланган қарорлар қабул қилиш ва мустақил фикр юритиш қобилиятлари баҳоланади.

Танлов жараёнида номзодларнинг нафақат назарий билимлари, балки бошқарув соҳасидаги салоҳияти, ташаббускорлиги ҳамда мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш маҳоратига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Мазкур саралаш босқичлари бошқарув соҳасида юқори салоҳиятга эга, билимли ва ташаббускор кадрларни аниқлаш ҳамда уларни келгусида масъулиятли лавозимларга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири