Ўзбекистонда шўрланган ерларни тиклаш бўйича янги тажриба бошланади
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ҳамда экинлар ҳосилдорлигини ошириш долзарб вазифалардан биридир. Айниқса, шўрланган майдонларни қайта фойдаланишга киритиш ва сув танқислиги шароитида замонавий, самарали агротехнологияларни қўллаш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигига давлат ташрифи доирасида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Иорданиянинг “Manaseer Group” компанияси раҳбари Зиёд Манасир ҳамда компания ҳаммуассиси ва стратегик директори Виктор Сукау билан учрашди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, мулоқотда Ўзбекистондаги шўрланган қишлоқ хўжалиги ерларини тиклаш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган инновацион технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Келишувга мувофиқ, ҳамкорликнинг дастлабки босқичида компаниянинг махсус препаратлари Тошкент, Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги шўрланган майдонларда синовдан ўтказилади. Тажриба ишлари буғдой, ғўза ва картошка экинлари мисолида олиб борилади.
Синов жараёнлари 2027 йилнинг март–ноябрь ойларида фермер хўжаликлари далаларида ташкил этилиб, уларга илмий-тадқиқот институтлари олимлари ҳамда компаниянинг техник мутахассислари жалб қилинади.
Ҳамкорликнинг кейинги босқичида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги 1 минг гектар майдонни қамраб олувчи пилот лойиҳани амалга ошириш таклиф этилди. Лойиҳа доирасида шўрланган ерларни тиклаш, экинларни шўр ювиш ва бостириб суғориш усулларисиз етиштириш технологиялари синаб кўрилади. Шунингдек, картошка, буғдой ва яйлов экинлари ҳосилдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ушбу ташаббус ерларнинг шўрланиш даражасини пасайтириш, уларнинг унумдорлик салоҳиятини тиклаш ва сув тежовчи технологиялар орқали аграр соҳа самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА