“Ташаббусли бюджет”: 1 миллиард 648 миллион сўмлик лойиҳа ижроси ўрганилди
Халқ вакилларининг ҳудудларда ўрганишлар олиб бориши жойларда ўз ечимини кутаётган масалаларнинг ҳал этилиши ҳамда аҳоли вакилларининг мурожаатларини тинглаш ва тегишли чоралар кўрилишида муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳар ой якунида жойларга чиққан ҳолда ўрганишлар олиб бораётгани ўз самарасини кўрсатмоқда. Парламент вакиллари ҳудудларда қонунлар ижроси, турли лойиҳа ва дастурларнинг амалга оширилиш ҳолатини ўрганиб, шу асосда қонунчиликни такомиллаштирмоқда. Шу билан бирга, мавжуд муаммоларга тегишли мутасаддилар билан биргаликда ечим топишмоқда.
Айни кунларда ҳам парламент қуйи палатаси депутатлари ўз сайлов округларида фаолият олиб боришмоқда. Жумладан, депутат Олга Литвинова Яшнобод тумани “Мумтоз” маҳалласида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ижросини ўрганди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан депутат ташаббуси билан танланган лойиҳага бюджетдан маблағ ажратилиши йўлга қўйилди. Ана шу имконият асосида Мумтоз маҳалласида ҳудудни ободонлаштириш ва воркаут майдончасини ташкил этиш лойиҳаси учун 1 миллиард 648 миллион сўм маблағ ажратилган эди.
Депутат лойиҳа ижросини ўрганиш давомида ободонлаштириш ишлари, жумладан, дам олиш ва спорт майдончалари, ўриндиқлар, фаввора ҳамда бошқа инфратузилма объектларининг ҳолатини кўздан кечирди. Назорат ўлчовлари далолатномаси материаллари ҳам кўриб чиқилди.

Лойиҳа доирасидаги ишлар умумий жиҳатдан ижобий баҳоланди. Бироқ, суғориш тизими ва кўкаламзорлаштиришда айрим камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича пудратчи ташкилотга кўрсатмалар берилди.
Маҳалла аҳолиси билан мулоқот давомида фуқаролар ҳудуд бўйлаб бордюрлар ўрнатиш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида видеокузатув камераларини жойлаштириш таклифларини билдирди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, аҳоли таклифларини амалга ошириш ва эҳтиёжманд оилаларга зарур ёрдам кўрсатиш масалалари депутат назоратига олинди.
Халқ вакилларининг жойлардаги ўрганишлари давом этмоқда.
М.Комилова,
ЎзА