Жорий йилда давлат-хусусий шериклик асосида 139 та янги "Ижтимоий дорихона" очилди
Мамлакатимизда аҳолини сифатли, арзон ва барқарор дори-дармон воситалари билан таъминлаш, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг ҳам зарур тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. «Дори-дармон» акциядорлик компанияси матбуот котиби Кумуш Пардаева иштирокида ўтказилган брифингда шу ҳақда батафсил маълумот берилди.
Қайд этилишича, республика аҳолисини дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида «Дори-дармон» АК ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармалари ўртасида поликлиника типидаги тиббиёт муассасаларида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартлари асосида «Ижтимоий дорихона»ларни ташкил этиш бўйича битимлар имзоланган. Бундай ташаббуслар Ўзбекистон Республикасининг «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонуни, Президентимизнинг 2019 йил 17 апрелдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ижросини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда «Дори-Дармон» компанияси тизимида фаолият юритаётган ижтимоий дорихоналар сони 764 тага етди. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида ДХШ шартлари асосида яна 139 та янги ижтимоий дорихона ва дорихона шохобчалари ташкил этилди.
Таъкидланганидек, ДХШ асосида «Ижтимоий дорихона»ларни ташкил этиш янги иш ўринлари яратилишига, узоқ қишлоқ ва маҳаллаларда яшовчи аҳолининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжини ўз вақтида қондириш ҳамда соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
– Компания ўз шохобчалари орқали аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратади, – деди К.Пардаева. – Айни пайтда «Ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати»га жами 134 та (шундан 128 та дори воситаси ва 6 та тиббий буюм) муҳим воситалар киритилган бўлиб, уларнинг узлуксизлиги қатъий назорат қилиб борилмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА