Ўзбекистон темир йўллари: Франция билан рақамли трансформация бўйича ҳамкорлик
"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Франциянинг Dassault Systèmes компанияси билан темир йўл соҳасини рақамлаштириш бўйича муҳим музокаралар ўтказди. Ушбу ҳамкорлик мамлакат транспорт тизимида замонавий ечимларни жорий этишга хизмат қилади.
Юртимизда олиб борилаётган очиқ ва дўстона сиёсат натижасида бир қатор нуфузли ҳамкорликлар йўлга қўйилмоқда. Хусусан, темир йўл соҳасида ҳам муҳим халқаро тажрибалар ўзлаштирилмоқда. Бу эса соҳадаги ижобий ўзгаришларда ўз аксини топмоқда.
Шундай ҳамкорликларнинг изчил давоми ўлароқ, «Ўзбекистон темир йўллари» вакиллари Франциянинг Dassault Systèmes компанияси вакиллари билан темир йўл транспорти соҳасини рақамлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Dassault Systèmes компаниясининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича директори Микеле Латтере ҳам иштирок этди.
Музокаралар давомида темир йўл транспорти фаолиятига замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш ва эксплуатацион жараёнларни оптималлаштириш, шунингдек, бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Томонлар темир йўл соҳасини рақамли трансформация қилиш йўналишида ўзаро ҳамкорлик имкониятлари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Якунда ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлган келишувлар ва уларнинг амалий ҳаракатлари юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бундай келишувлар мамлакатимиз аҳолиси учун қулай транспорт ечими бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Шербек Исломов,
ЎзА