Сув тармоқларида рақамли назорат: носозликларни олдиндан аниқлаш имконияти
Сув таъминоти тизимида самарадорлик фақат янги қувурлар ётқизиш ёки иншоотлар барпо этиш билан белгиланмайди. Мавжуд инфратузилмани оқилона бошқариш, тармоқлардаги носозликларни ўз вақтида аниқлаш, сув йўқотишларининг олдини олиш ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга. Бугун дунёда сув хўжалигини рақамли технологиялар асосида бошқаришга эътибор кучаяётгани ҳам бежиз эмас.
Бу борада халқаро тажрибани ўрганиш ва илғор ечимларни маҳаллий амалиётга татбиқ этиш мақсадида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти мутахассислари Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида ўтказилган ўқув-амалий семинарда иштирок этди.
Американинг “Nobel Systems” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда сув таъминоти тизимини рақамли бошқариш, сув йўқотишларини камайтириш, қувур тармоқларидаги носозликларни эрта аниқлаш ҳамда авария хизматлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган замонавий технологиялар ўрганилди.
Семинар доирасида Ҳиндистон тажрибаси, сунъий интеллект имкониятлари ва улардан сув таъминоти соҳасида фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, рақамли бошқарув воситалари орқали сув тармоқлари ҳолатини мунтазам кузатиб бориш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларга тезкор муносабат билдириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Эътиборлиси, бу йўналишдаги ҳамкорлик назарий билимлар билан чекланиб қолмаяпти. Жумладан, “Жиззах сув таъминоти” акциядорлик жамияти “Nobel Systems” билан биргаликда GIS ва Work Order тизимлари, шунингдек, GeoViewer дастури орқали сув тармоқларини кузатиш, сув сизиб чиқиши ҳолатларини аниқлаш ҳамда авария-диспетчерлик хизматлари фаолиятини рақамлаштириш устида иш олиб бормоқда.
Мазкур ҳамкорликнинг амалий босқичи сифатида бир ой аввал компания вакиллари Жиззах вилоятига ташриф буюрган эди. Ташриф давомида Жиззах шаҳридаги марказий ичимлик суви қувурларига сув босимини ўлчаш ва эҳтимолий авария ҳолатларини эрта аниқлашга мўлжалланган махсус ускуналар синов тариқасида ўрнатилди. Айни пайтда ушбу қурилмалар билан боғлиқ синов ишлари давом этмоқда.

Бу каби технологияларнинг аҳамияти шундаки, улар сув таъминоти тармоқларидаги ҳолатни аниқ маълумотлар асосида баҳолаш, носозликларни тезкор аниқлаш ва таъмирлаш ишларини мақсадли ташкил этишга ёрдам беради. Натижада соҳа мутахассислари мавжуд ресурслардан янада самарали фойдаланиш, сув йўқотишларини камайтириш ва истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш имкониятига эга бўлади.
Ҳиндистондаги ўқув-амалий семинар ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади. Халқаро тажриба ва замонавий рақамли ечимларни ўрганиш, уларни маҳаллий шароитга мослаштириш сув таъминоти тизимини такомиллаштиришда муҳим омил бўлиши мумкин.
Нилуфар Бозорова, ЎзА