ОКМКда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 55 триллион сўмдан ошди
"Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖда 2026 йил январь–октябрь ойлари давомида ишлаб чиқариш, экспорт, инвестицияларни ўзлаштириш ва маҳаллийлаштириш йўналишларида салмоқли натижаларга эришилди.
Хусусан, ҳисобот даврида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 55,0 триллион сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз кўрсаткичи 127,5 фоизга бажарилди.
Экспорт йўналишида ҳам юқори натижалар қайд этилди. Ўн ой давомида умумий қиймати 854,9 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулотлар экспорт қилиниб, прогноз кўрсаткичи 160,8 фоизга бажарилди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида эса 1 080,1 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, прогноз кўрсаткичи 102,5 фоизга бажарилди. Шунингдек, операцион харажатларни мақбуллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида маҳсулот таннархини камайтириш бўйича белгиланган кўрсаткич 103,0 фоизга уддаланди.
Шунингдек, 1- ва 2-Мис бойитиш фабрикаларида молибден концентрати ишлаб чиқариш бўйича 2026 йилга белгиланган режалар муддатидан олдин бажарилиб, прогноз кўрсаткичи 101,2 фоизни ташкил этди.
Ушбу натижаларга эришишда комбинат мутахассисларининг бой тажрибаси ва салоҳияти, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш, асосий технологик жараёнларни рақамлаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши муҳим омил бўлди.
Айни пайтда комбинат олдида ноябрь ойи, ИВ чорак ва йил якуни бўйича белгиланган барча прогноз кўрсаткичларини тўлиқ бажариш, ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, ёнилғи-мойлаш материаллари захирасини шакллантириш ҳамда меҳнат хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этиш каби устувор вазифалар турибди.
ОКМК Ахборот хизмати