Инновацион ғоялар саноатни ривожлантиришга хизмат қилади
Самарқанд туманидаги “RegStone” корхонасида ёш стартапчилар учун “StartupFest Catalys” дастури ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 11 февралда қабул қилинган “Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “RegStone” корхонаси билан ҳамкорликда “StartupFest Catalys” лойиҳаси ўтказилди.
Ушбу лойиҳа ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва уларнинг инновацион ғояларини йирик саноат корхоналари билан интеграция қилишга қаратилган бўлиб, унда ёш стартапчиларга саноат соҳасидаги ғояларини реал бизнес ечимларига айлантириш ҳамда бевосита йирик ишлаб чиқариш майдонларида тажриба орттириш имконияти яратилади.
– “StartupFest Catalys” дастурининг асосий мақсади ёш стартапчиларни шунчаки кузатувчи эмас, балки корхонадаги реал муаммоларга ечим топувчи фаол иштирокчига айлантиришга қаратилган, – дейди ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги “StartupFest” лойиҳаси раҳбари Муниса Муродова. – Дастур доирасида иштирокчилар энг йирик корхоналарга кириш, менторлар ва корхона ходимларидан бевосита тажриба ўрганиш ҳамда ўз лойиҳаларини завод раҳбариятига тақдим этиб, инвестиция жалб қилиш имкониятига эга бўлади. Шу пайтга қадар мазкур дастур доирасида ўнга яқин корхонада лойиҳаларимизни амалга ошириб, ёшлар томонидан 410 минг АҚШ доллари инвестиция киритилди. Бугун Самарқандда ўтказилаётган тадбирга мингдан ортиқ талабгорлар ичидан энг илғор 35 нафар ёш стартапчини жалб қилганмиз. Тошкент шаҳри, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари вакиллари бўлган бу ёшлар томонидан берилган инновацион ғоялар, таклифлар мезбон “RegStone” корхонасининг келгусидаги фаолияти самарадорлигига хизмат қилади, деб ўйлайман.
Тадбир доирасида иштирокчилар “RegStone” корхонасининг ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Корхона масъуллари ёш стартапчиларга ишлаб чиқариш имкониятлари самарадорлигини ошириш йўналишлари бўйича батафсил маълумот берди.
Шундан сўнг қатнашчилар жамоаларга бўлинган ҳолда “RegStone” корхонасидаги мавжуд муаммоларга ечим топиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича стартаплар устида ишлаб, тайёрлаган инновацион лойиҳаларини корхона раҳбарияти ҳамда экспертларга тақдим этди.
[gallery-32337]
– Ҳар бир корхонанинг истиқболини малакали ишчи-ходимлар таъминлайди, – дейди лойиҳа иштирокчиси, Самарқанд шаҳридаги School 21 рақамли технологиялар мактаби ўқувчиси Жасур Шукуров. – Шу асосда “RegStone” корхонаси масъуллари ҳам ишчиларни қабул қилишда махсус платформа ташкил этиш ғоясини таклиф қилди. Лойиҳага махсус дастур асосида талабгорнинг ишга қобилияти, малакасини баҳолаш мезонлари киритилса, корхона энг муносиб номзодни ишга жалб қилиш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, дастурга ишчиларнинг давомати, иш самарадорлигини белгилаш бўйича ҳам қўшимча имкониятлар қўшиш имкониятларини кўриб чиқиш таъкидланди. Биз жамоамиз билан ушбу лойиҳа бўйича ўз таклифларимизни билдирдик. Масъуллар ҳам таклифларимизга қизиқиш билдиришди. Ҳаммаси лойиҳанинг инновацион ечимларига боғлиқ. Жамоамиз билан ушбу лойиҳани самарали амалга оширсак, корхона фаолиятини самарали ташкил этишга ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Стартап жамоаларининг “RegStone” корхонаси муаммолари ечимлари бўйича таклифлари соҳа мутахассислари ва экспертлар томонидан батафсил кўриб чиқилди. Истиқболли лойиҳалар эътироф этилиб, уларни такомиллаштириш бўйича фикрлар билдирилди.
– Корхонамиз қурилиш соҳасида замонавий ва тежамкор ечимларни таклиф этувчи йирик ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади, – дейди “RegStone” корхонаси сотув бўлими бошлиғи Маҳмуд Абдувоитов. – Йиллига 500 минг куб метр газобетон блоклар ишлаб чиқариш қувватига эга. Айни пайтда 160 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Фаолиятни кенгайтириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш борасидаги инновацияларни амалиётга татбиқ этиш корхона истиқболини белгилайди. Шу мақсадда бугун “StartupFest Catalys” дастури иштирокчиларини корхонамизга таклиф этдик. Улар билан биргаликда айни пайтда қўл меҳнати билан амалга оширилаётган иш жараёнларини автоматлаштириш орқали самарадорликни ошириш, янги ишчиларни қабул қилишда қулай ахборотлаштирилган тизимларни яратиш бўйича стартапларни кўриб чиқдик. Жамоалар таклифлари ичида иш унумдорлигига хизмат қиладиган замонавий ишланмалар билдирилди. Уларни келгусида амалиётга татбиқ этиш борасида фикрлашиб олдик.
Тадбир якунида энг ташаббускор стартапчилар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбири