Сув танқислиги ва чўлланишга қандай ечим топилмоқда?
Сунъий интеллект ёрдамида сув ифлосланишини аниқлаш, чўлланишни олдиндан башорат қилиш, ҳатто тупроқ шўрланишини автоматик кузатиш мумкинми? Тошкент Ботаника боғида ёш олимлар ва стартап жамоалари ана шу саволларга ечим изламоқда.
Шу билан бирга, «Формула — 2026» илм-фан фестивалида ташриф буюрувчилар кимёвий тажрибаларни кузатиш, микроскоп орқали тирик организмларни ўрганиш, телескоп ёрдамида Қуёшни кузатиш ва илмий жумбоқларни ечишда қатнашмоқда.

Фестивал мақсади — илм-фанни оддий ва қизиқарли тарзда намойиш этиш, ёшларни изланишга ундаш ҳамда илмий ғояларни амалий ечимларга айлантиришга кўмаклашишдан иборат.
Хўш, ёшларнинг илмий ғоялари Ўзбекистон дуч келаётган экологик муаммоларни ҳал этишга қанчалик яқин?

Фестивалнинг яна бир муҳим йўналиши — экологик муаммоларга амалий ечим топишдан иборат. «Яшил ечим» хакатонида ёш олимлар, талабалар ва стартап жамоалари тоза сув, чўлланиш ҳамда экологик муаммоларни сунъий интеллект ёрдамида ҳал этиш бўйича ўз лойиҳаларини илгари сурмоқда.
Хусусан, сувни самарали тозалаш ва қайта ишлатиш, тупроқ шўрланишини аниқлаш, қуриб бораётган ерларни тиклаш ҳамда экологик хавфларни олдиндан прогнозлашга қаратилган технологик таклифлар кўриб чиқилмоқда.

Фестивалнинг асосий мақсади — илм-фанни лабораториялар доирасидан чиқариб, аҳолига, айниқса, ёшларга тушунарли ва қизиқарли тарзда етказиш. Шу билан бирга, илмий ғояларни кундалик ҳаётда қўллаш мумкин бўлган ечимларга айлантиришга эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда турли илмий йўналишлар намойиш этилиб, иштирокчилар олимлар билан бевосита мулоқот қилиш, тажрибалар ўтказиш ва ўз билимларини синаш имкониятига эга бўлмоқда.

Шу тариқа бугунги илмий изланишлар эртанги кунимиз экологик, технологик ва ижтимоий муаммоларига ечим топишда муҳим аҳамият касб этади.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, Нишонбой Абдувоитов (видео), Улуғбек Тўхтаев (сурат), ЎзА