Ўзбек тили – биз учун ғурур ва фахр (+видео)
Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – ўзбек тили байрами сифатида кенг нишонланади. Худди шу санада, бундан ўттиз етти йил аввал, мустақиллик қўлга киритилмасидан аввал, яъни 1989 йилда "Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида"ги Қонуни қабул қилингани катта тарихий қадам бўлди.
Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилга эга. Унда халқ, миллатнинг тарихи ва маданияти акс этади.

Эътиборлиси шундаки, мамлакатимизда нафақат этник қатламлар, балки 130 дан зиёд турли миллат ва элатга мансуб ватандошларимиз ҳам шонли сана – 21 октябрь кунини катта қувонч билан байрам қилишади.

Ўзбек тили байрами муносабати билан Наманган вилояти божхона бошқармаси жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош инспектори, капитан Анастасия Атаханова Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида турли миллат ва элатлар вакиллари ўртасида ўтказилган “Ўзбек тили барчамизни бирлаштиради!” шиори остидаги танловда иштирок этиб, шеър айтиш йўналишида ғолибликни қўлга киритди.

Миллати рус бўлган Настяхон қарийиб тўққиз йилдан буён божхона органларида ўзбек тилида иш юритиб, ҳамкасблари ва фуқаролар билан давлат тилида мулоқот қилиб келмоқда. Айниқса, у “Наманган халқаро аэропорти” ва “Косонсой” чегара божхона постида олиб борган хизмат фаолияти даврида ўзбек тилини янада пухта ўзлаштирди.

– Давлат тилини билиш ва ҳурмат қилиш нафақат қонун талаби, балки шу муқаддас юртнинг маданияти ва қадриятларига бўлган эҳтиром ифодасидир. Шу боисдан ҳам инсон қайси миллат вакили бўлишидан қатъи назар, ўзи яшаётган юртнинг давлат тилини билиши ва ҳурмат қилиши муҳим, – дейди Анастасия Атаханова. – Нафақат ишда, балки оиламизда ҳам ўзбек тилига ҳурмат билан муносабатда бўламиз. Давлатобод туманидаги 49-сонли умумтаълим мактабига эндигина қадам қўйган жажи 1-синф ўғлим Эминга ҳам ўзбек тилини ўз она тилидек кўриб, эъзозлашини тайинлайман. Божхона бошқармасидаги фаолиятим оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ижтимоий тармоқ фаоллари билан ишлашга чамбарчам боғлиқ. Улар билан ўзаро мулоқотларда имкон қадар ўзбек тилида суҳбатга киришаман. Сўралган барча маълумотларни давлат тилида етказаман. Журналистлар менга “ўзбек тилини худди она тилингиздек равон гапирасиз” дейишганларида хурсанд бўламан.

Дарҳақиқат, туркий миллат ва элатлар орасида катта нуфузга эга бўлган ўзбек тили бугунги кунда нафақат ўзбеклар, балки Янги Ўзбекистонда истиқомат қилаётган бошқа миллатга мансуб фуқароларимиз учун ҳам чин маънода ғурур ва ифтихорга айланмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири