Фуқаролик жамияти институтлари ташаббусларини амалга оширишга 11,6 миллиард сўм йўналтирилади
Олий Мажлис Сенатида Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон - Озарбайжон қўшма грант танлови ва 2026 йилги иккинчи давлат гранти танлови натижалари, учинчи давлат гранти танловини эълон қилиш ҳамда “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”ни ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ўтказилган қўшма грант танловига 21 лойиҳа келиб тушгани айтиб ўтилди. Экспертлар баҳолаши натижасида 2 та фуқаролик жамияти институтининг лойиҳаси ғолиб деб топилди.
Йиғилишда муносиб меҳнат тамойилларига риоя этилишини мониторинг қилиш, ногиронлиги бўлган болалар учун нейрореабилитация хизматларини ривожлантириш, маиший коррупциянинг олдини олишда “Навоий тажрибаси”ни оммалаштириш, одам савдоси жабрдийдаларини психологик реабилитация қилиш ва касбга йўналтириш, муаммоли оилалар билан манзилли ишлаш ҳамда ҳудудлардаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш каби йўналишларда жорий йилнинг август-сентябрь ойларида эълон қилинган иккинчи давлат гранти танлови натижалари кўриб чиқилди.

Иккинчи давлат гранти танловига келиб тушган 700 лойиҳа кўриб чиқилиб, 88 фуқаролик жамияти институти ғолиб сифатида тасдиқланди. Уларнинг ташаббусларини амалга ошириш учун жами 11,6 миллиард сўм йўналтириш режалаштирилган.
Йиғилишда 2026 йилги учинчи давлат гранти танловини эълон қилиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинди. Танлов хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, коррупция ва зўравонликнинг олдини олиш, экологик муаммоларни ҳал этиш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида жамоатчилик назоратини кучайтириш каби йўналишларни қамраб олади.
Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган. Ушбу мақсадлар учун қарийб 7,1 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Йиғилишда жорий йил декабрь ойида ўтказиладиган “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”ни ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилиниб, фуқаролик жамияти институтларининг мурожаатлари кўриб чиқилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА