Шерзод Исохонов: “Тажриба, техника ва лойиҳалаштириш бўйича рақобатлаша оламиз”
Кончилик саноатининг барқарор ривожланиши замонавий муҳандислик ечимлари, ишончли инфратузилма ва юқори малакали мутахассисларга боғлиқ. Айниқса, конларни ўзлаштириш учун шахталарни қуриш, уларни зарур ускуналар билан жиҳозлаш ва иш жараёнларини самарали ташкил этишда ихтисослашган компанияларнинг техник имкониятлари муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада маҳаллий корхоналарнинг салоҳиятини ошириш, миллий мутахассислар тажрибасидан самарали фойдаланиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳанинг истиқболларини белгилайди.
“Шарқ шахта қуриш” компанияси ижрочи директори Шерзод Исохонов билан суҳбатимиз корхонанинг фаолият йўналишлари, амалга оширилаётган лойиҳалар, ишлаб чиқариш имкониятлари, ходимлар учун яратилган шароитлар ва хорижий компаниялар билан тажриба алмашиш истиқболларига бағишланди.
–Аввало, компаниянинг ташкил топиши, асосий фаолият йўналишлари ва бугунги кунда амалга ошираётган ишлари ҳақида маълумот берсангиз. Кончилик саноатида қандай хизматларни таклиф этасизлар?
–Компаниямиз 2023 йилда ташкил этилган. Асосий фаолиятимиз конларни лойиҳалаш, шахталар қуриш, уларни жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш ишларини қамраб олади. Ўзбекистондаги мутахассисларимиз эса 2009 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.
Бугунги кунда компаниямизда 180 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилади. Фаолиятимизни амалга ошириш учун зарур рухсатномалар, лицензиялар ва сертификатларга эгамиз. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ишлаш имкониятига эга эканимиз ҳам лойиҳаларни турли минтақаларда амалга ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Айни пайтда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Хандиза конида шамоллатиш шахтаси қурилишини олиб боряпмиз. Ушбу шахта конга тоза ҳаво етказиб бериш учун мўлжалланган. Бу каби иншоотлар кончилик жараёнларида зарур муҳандислик инфратузилмасининг бир қисми ҳисобланади.
– Шахталар қурилиши мураккаб техник жараён бўлиб, у малакали кадрлар, замонавий технологиялар ва меҳнат хавфсизлигига алоҳида эътиборни талаб қилади. Компанияда техник имкониятлардан фойдаланиш ва ходимлар учун муносиб шароитлар яратиш масалалари қандай ташкил этилган?
– Бизнинг асосий ихтисослашувимиз шахта қурилиши бўлгани учун ушбу йўналишдаги технологиялар ва техник имкониятларга эгамиз. Ҳар бир лойиҳада ишларни белгиланган талабларга мувофиқ ташкил этиш муҳим. Шу билан бирга, ходимлар учун қулай меҳнат ва яшаш шароитларини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз.
Офисда ишлайдиган ходимларимиз учун алоҳида ошхона ташкил этилган. У ерда овқат тайёрланади, ходимлар чой, қаҳва ичиши ва енгил тамадди қилиши мумкин.
Объектларда ишлайдиган ходимларимиз учун ётоқ жойлари, душ, сауна ва машғулот заллари ташкил этилган. Улар кунига беш маҳал овқат билан таъминланади. Бунда нонушта, тушлик ва кечки овқатдан ташқари, енгил егуликлар ҳам назарда тутилган.
Биз учун ходимларнинг ишлаши, дам олиши ва кундалик эҳтиёжлари учун зарур шароитларга эга бўлиши муҳим. Чунки кончиликда ишларни узлуксиз ва самарали ташкил этишда ходимлар салоҳияти ҳам катта ўрин тутади.
– Кончилик соҳасида маҳаллий корхоналарнинг техник имкониятларини кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Корхонангиз хорижий ҳамкорлар билан қайси йўналишларда иш олиб боради?
–Халқаро ҳамкорлик компаниямиз фаолиятида муҳим аҳамиятга эга. Масалан, ускуналар бўйича асосан Хитой билан ишлаймиз. Тожикистон билан ҳам ҳамкорлигимиз бор. Зарур маҳсулотларнинг бир қисмини Тожикистондан, бошқа қисмини эса Ўзбекистоннинг ўзидан харид қиламиз.
Бундай ҳамкорлик иш жараёнлари учун керакли ускуна ва материалларни етказиб олишда муҳим. Шу билан бирга, маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш ҳамда миллий корхоналар билан алоқаларни ривожлантиришга имконият мавжуд.
Бизнинг йўналишимиз шахта қурилиши бўлиб, бу фаолият кўмир, олтин, темир, вольфрам ва мис каби турли фойдали қазилмаларни қазиб олиш билан боғлиқ лойиҳаларни қамраб олади. Нефть ва газ соҳаси эса ўз хусусиятларига эга алоҳида йўналиш. Шунга қарамай, имкониятларимизга мос келадиган лойиҳалар бўлса, уларда иштирок этишга тайёрмиз.
– Ўзбекистон компаниялари хорижий корхоналар билан рақобатлаша оладими? Халқаро тажриба алмашишни ривожлантиришга қандай қарайсиз?
– Имкониятлар ва шароитлар жиҳатидан Ўзбекистондаги компаниялар Қозоғистон ва бошқа давлатлардаги хусусий корхоналардан кам эмас. Тажриба, техника ва лойиҳалаштириш бўйича ҳам рақобатлаша оламиз. Бу борада ўзимизни хорижий корхоналардан ортда деб ҳисобламаймиз.
Бироқ бу бошқа давлатлар тажрибасини ўрганишга эҳтиёж йўқ, дегани эмас. Ҳар қандай компания ўз устида ишлаши, янги ёндашувларни ўрганиши ва касбий салоҳиятини мунтазам ошириб бориши керак. Шу сабабли, халқаро тажриба алмашишни муҳим, деб биламиз.
Масалан, Қозоғистондаги корхоналар билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг мутахассислари билан тажриба алмашиш, ходимларни ўзаро амалиётга юбориш имкониятлари мавжуд. Бошқа давлатлардан мутахассислар келиб, бизда тажриба орттириши мумкин. Биз ҳам ходимларимизни хорижга юборишга тайёрмиз.
Менимча, бундай ҳамкорлик ҳар икки томон учун фойдали. Чунки тажриба алмашиш орқали янги билим ва кўникмаларга эга бўлиш, иш жараёнларига бошқа нуқтаи назардан қараш имконияти пайдо бўлади.
– Компания “Тоғ-кон иши, металлургия ва металлсозлик - MiningMetals Uzbekistan 2026” 20-юбилей халқаро кўргазмасида биринчи марта иштирок этмоқда. Ушбу тадбирдан қандай натижалар кутяпсиз?
– Тошкентда ўтказилаётган мазкур кўргазманинг бугун иккинчи кунги тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Дарҳақиқат, кўргазмада илк бор иштирок этяпмиз. Аввалги йилларда иш ҳажмимиз катта бўлгани сабабли бундай тадбирларда қатнашишга вақт ажрата олмаганмиз. Бу йил эса ушбу халқаро экспозицияда иштирок этиб, соҳа вакиллари билан бевосита мулоқот қилиш, янги алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорлик имкониятларини ўрганишга қарор қилдик.
Кўргазманинг муҳим жиҳати шундаки, бу ерда кончилик соҳасида фаолият юритаётган маҳаллий ва хорижий компаниялар, шунингдек, ускуналар етказиб берувчилар билан учрашиш мумкин. Бу янги ҳамкорлар билан танишиш, зарур ускуналар ва маҳсулотлар ҳақида маълумот олиш ҳамда соҳага оид масалаларни муҳокама қилиш учун қулай имконият яратади.
Бундан ташқари, кўргазма тажриба алмашиш учун ҳам муҳим майдон ҳисобланади. Турли компаниялар вакиллари билан фикр алмашиш, саволлар бериш ва ўзаро маслаҳатлашиш орқали янги маълумотларга эга бўлиш мумкин. Бундай мулоқотлар компаниялар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.