Қизилқум бойликлари – иқтисодий салоҳият манбаи
Навоий вилояти Учқудуқ туманида каолин қазиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослашган “Сифатли каолин” МЧЖ корхонаси барпо этилмоқда.
Қизилқум бағридаги табиий бойликлар, нафақат ҳудуднинг минерал-хомашё салоҳиятини намоён этади, балки янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, сармояларни жалб қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш учун ҳам кенг имкониятлар очади.
Бугунги кунда корхона ҳудудида қурилиш-монтаж ишлари жадал давом этмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш мақсадида бир қатор объектлар янгидан қурилмоқда.
– Корхона ишга тушгач, йилига 80 минг тонна каолин минерал рудасини қайта ишлаш имконияти яратилади, – дейди туман ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари Эркин Расулов. Лойиҳанинг умумий қиймати 35 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнида Германия, Хитой ва Украинадан келтирилаётган замонавий технологиялардан фойдаланиш кўзда тутилган. Бу корхонада каолин минерал хомашёсини қайта ишлаш жараёнларини замонавий ишлаб чиқариш талаблари асосида ташкил этиш имконини беради.
2022 йилда бошланган лойиҳанинг биринчи босқичини жорий йил охирида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Корхона тўлиқ қувват билан ишга тушгач, 150 та янги иш ўрни яратилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири