Энергия тежамкорлиги: 9 ойда қандай натижалар қайд этилди?
Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжларини электр ҳамда иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлашда энергетика корхоналари муҳим ўрин тутади.
Жумладан, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимида энергия ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, ёқилғи ресурсларидан самарали фойдаланиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ушбу йўналишдаги фаолият самарадорлиги ва эришилган кўрсаткичлар 2026 йилнинг ўтган тўққиз ойи якунларида ҳам ўз аксини топди. Бу ҳақда Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов иштирокида ўтказилган брифингда маълумот берилди.
– Бугун мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган жами электр ва иссиқлик энергиясининг салмоқли қисми “Иссиқлик электр станциялари” АЖ электр станциялари ҳамда иссиқлик марказлари зиммасига тўғри келмоқда, – деди М.Бекмуҳаммедов. – Жамият таркибида қуввати 6,9 ГВт бўлган 8 та электр станцияси, қуввати 2,1 ГВт бўлган 1 та бошқарувдаги электр станцияси, шунингдек, “Тошкент иссиқлик маркази” таркибидаги 9 та иссиқлик маркази фаолият юритмоқда.
2026 йилнинг ўтган 9 ойи давомида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тасарруфидаги корхоналар томонидан 15,2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, прогноз кўрсаткичи 108 фоизга бажарилди. Шунингдек, 5,9 миллион гигакалория иссиқлик энергияси узатилиб, прогноз кўрсаткичи 107 фоизни ташкил этди.
Электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнида шартли ёқилғининг солиштирма сарфи 272,11 грамм/киловатт-соатни ташкил этди. Бу кўрсаткич жорий йил учун белгиланган прогноз кўрсаткичидан 3,46 граммга, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан эса 5,79 граммга кам.
Белгиланган энергия ресурсларини ишлаб чиқариш учун ўтган даврда жами 3,8 миллиард куб метр табиий газ ҳамда 645,5 минг тонна кўмир сарфланди.
Бугун жамият тизимида энергия ресурсларини тежаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишда тизим корхоналарида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни тежаш ишлари ISO 50001 халқаро стандарти талаблари асосида ташкил этилган.
Мазкур стандарт талаблари асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” билан келишилган ҳолда 2026 йилга мўлжалланган ташкилий-техник чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Унга кўра, жорий йилнинг 9 ойида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 52 миллион куб метр табиий газ ва 137,7 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалди.
Бунда табиий газни тежаш бўйича прогноз кўрсаткичи 137,7 фоизга, электр энергиясини тежаш бўйича эса 107 фоизга бажарилди.
Таъкидлаш керакки, ушбу натижалар мазкур ташкилот тизимида электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш ҳажмларини таъминлаш билан бир қаторда, ёқилғи ресурсларидан самарали фойдаланиш ва энергия тежамкорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА