Роман Видоняк: “Жавоҳир билан эндигина иккинчи босқичдан ўтдик”
Ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоровнинг Кипрда поёнига етиб бораётган Номзодлар турнирида муддатидан аввал ғолибликка эришишида мураббийлар жамоасининг хусусан, Роман Видонякнинг алоҳида хизматлари бор.
Бу ҳақда Жавоҳир 13-тур якунларидан кейин журналистларга берган интервьюсида ҳам алоҳида таъкидлаганди.
Шундан сўнг омадли мураббийга турнир давомида журналист ва блогерларнинг саволлари кўпайиб кетди.

Тажрибали мураббий Роман Видоняк Жавоҳир Синдоровнинг Номзодлар турниридаги ғалабасидан кейин айрим саволларга жавоб берди:
— “Бу ҳали энг катта натижа эмас. Биз режамиздаги тўрт босқичдан иккинчисинигина якунладик, – дейди Р.Видоняк. – Биринчиси, Номзодлар турнирига чиқиш эди. Иккинчиси эса уни ютиш. Бу босқичлардан муваффақиятли ўтдик. Энди навбат учинчи босқич — жаҳон чемпионлиги учун бўладиган мураккаб мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўришдан иборат. Биз учун энг қийини эса тўртинчи босқич ҳисобланади. Яъни, рейтинг кўрсаткичида 2800 даражасига чиқиб, турнирларда доимий устунликка эришиш. Бундай натижага ўз вақтида Гарри Каспаров ва Магнус Карлсен эришган.
Мураббий Видонякнинг айтишича, бундай даражага чиқиш учун вақт ва матонатли меҳнат, изланиш керак бўлади.
— Бунинг учун камида икки йил жиддий ишлашимиз лозим. Улар (Каспаров ва Карлсен) бу ёшда аллақачон тайёр эди. Биз эса ҳали ҳам устимизда ишлаяпмиз.
У тайёргарлик жараёнига ҳам тўхталди:
— Бир йил ичида тўққизта йиғин ўтказдик. Улар асосан Германиянинг Мюнхен шаҳрида ташкил этилди. Шунингдек, биз одатда компьютерсиз, шахмат тахтаси олдида ишлаймиз. Турли йўналишлар бўйича тизимли тарзда тузиб чиқилган 40 мингга яқин машқларни бажарамиз. Мақсад, шахматчида фикрлашни ривожлантириш, тактик жараёнларни олдиндан кўра билиш қобилиятини янада мустаҳкамлаш, — дея тушунтирди Видоняк.
Т.Рўзиев тайёрлади, ЎзА