Олимпия қадриятлари ва тинчлик форуми ўтказилди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да жойлашган Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган мажмуада таэквондо WT бўйича ёшлар ўртасидаги XV жаҳон чемпионати давом этмоқда.
Жаҳон чемпионати доирасида “2-Олимпизм ва тинчлик форуми”нинг иккинчи қисми ташкил этилди. Форумда Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг бакалавр ва магистр талабалари иштирок этиб, спорт қадриятлари, глобал ривожланиш ҳамда спорт иқтисодиётининг замонавий тенденциялари бўйича муҳокамаларда қатнашди.

Шунингдек, иштирокчиларга спорт менежменти, ҳуқуқ ва иқтисодиёт йўналишларидаги янги имкониятлар ҳамда тажрибалар тақдим этилди. Интерактив сессиялар давомида мутахассислар тинчликнинг халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги ўрни, спорт иқтисодиётининг ривожланиш босқичлари ҳамда йирик спорт тадбирларини БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғунлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Олимпия қадриятлари ва тинчликка бағишланган форум Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти доктор Чунгвон Чойнинг асосий маърузаси билан якунланди. У ўз чиқишида спортнинг инсонпарварлик ташаббусларини ривожлантиришдаги ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА