"Ona Uyi": 2 йилда 394 бола ва 283 онага кўмак берилди
Ўзбекистондаги "Ona Uyi" лойиҳаси икки йилда юзлаб она ва болаларни муассасалардан асради. Ҳар бир давлат қарамоғига олинган бола ортида кўпинча ўз фарзандидан воз кечишни истамаган, аммо бошқа йўлни тополмаган ночор она туради. "Ona Uyi" лойиҳаси айнан шундай инқирозли вазият фожиага айланмасдан олдин ёрдам қўлини чўзади.
Жумладан, икки йил ичида "Ona Uyi" марказларида 394 нафар бола ва 283 нафар аёл кўмак олди. Лойиҳа давомида 45 нафар чақалоқ дунёга келди, улар ҳаётни муассаса деворлари орасида эмас, балки она бағрида бошлади. Марказлар сони 2 тадан 9 тага етди. Улар Тошкент (иккита), Самарқанд, Бухоро, Андижон, Чирчиқ ва Қувасойда фаолият юритмоқда. 2026 йилдан эса Нукус ва Термизда ҳам янги марказлар очилади. Бугунги кунда мамлакатнинг 14 та ҳудудидан 8 таси ушбу дастур билан қамраб олинган.
"Ona Uyi" аёлларга шунчаки вақтинчалик турар жой бермайди. Лойиҳа хавфсиз муҳит яратиш, ҳужжатларни тиклаш, касб ўргатиш ва иқтисодий мустақилликни таъминлаш орқали аёлларни инқироздан олиб чиқиб, фарзандларини ўз оиласида катта қилишлари учун шароит яратади. Бундай ёрдамга эҳтиёж катта.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида 107 минг 167 та ҳимоя ордери расмийлаштирилган.
"Ona Uyi" лойиҳаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги кўмагида амалга оширилмоқда ва давлатнинг ижтимоий ислоҳотлари билан уйғун ривожланмоқда.
2025 йил 1 январдан бошлаб меҳрибонлик уйлари ва болалар уйларига кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини вақтинчалик қабул қилиш тартиби бекор қилинади. Энди камбағаллик болани оиладан ажратишга сабаб бўлмайди.
2026 йил 1 февралдан бошлаб зўравонликка учраган ва учраш хавфи остида турган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати жорий этилди. 17 ёшгача бўлган 8 мингдан ортиқ етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун омонат ҳисобрақамлари очилиб, ҳар бирига давлат томонидан 500 доллардан маблағ жойлаштирилди. Бола 18 ёшга тўлгач, ушбу маблағдан фойдалана олади. "Ona Uyi" марказлари бу тизимда муҳим бўғин бўлиб хизмат қилмоқда: улар оилани инқироз пайтида сақлаб қолиб, болани муассасага тушишдан асрайди.
Ҳар бир янги марказ маҳаллий ҳомийлар кўмагида очилган. Йирик компаниялар нафақат маблағ, балки бошқарув тажрибаси ва шахсий иштироки билан ҳам лойиҳага ҳисса қўшмоқда. «Korzinka.uz» асосчиси Зафар Ҳошимов фикрича, бу бир марталик хайрия эмас, балки мамлакат келажагига киритилган сармоя.
Лойиҳа натижалари Тошкентда бўлиб ўтган форумда тақдим этилди. Унда 80 дан ортиқ тадбиркор, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Бугунги кунда Наманган, Қашқадарё, Навоий, Хоразм, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳали "Ona Uyi" марказлари мавжуд эмас. Лойиҳа тадбиркорларни марказ очишни молиялаштириш, аёлларни ишга жойлаштириш, Ҳомийлик кенгашига қўшилиш орқали ушбу эзгу ишга ҳисса қўшишга чорламоқда. Мақсад битта: Марказий Осиёда бирорта ҳам бола етим бўлиб қолмаслиги керак!
Санжар Тошпўлатов,
Нишонбой Абдувойитов,
Улуғбек Тўхтаев,
ЎзА